СМТИ эксперти: Ўзбекистон ва Ҳиндистон траэкторияларининг туташуви икки мамлакат шериклигини Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги асосий боғловчи кўприклардан бирига айлантиришга қодир
Август 29, 2026. 17:30 • 10 дақ
• 332
ТОШКЕНТ, 30 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Дилором Маматкулова мамлакатимизга Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг давлат ташрифи муносабати билан “Дунё” ААга Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларига бағишланган таҳлилий мақоласини тақдим этди:
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек-ҳинд муносабатлари мутлақо янги динамика касб этганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Стратегик шериклик асосан сиёсий мулоқот доирасидан чиқиб, кўп қиррали амалий ҳамкорлик тусини олди. У сиёсат, иқтисодиёт, саноат кооперацияси, соғлиқни сақлаш, рақамли технологиялар, таълим, хавфсизлик ва транспорт йўналишларини қамраб олди.
Ушбу ўзгаришлар негизида икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, муносабатлар кескин зиддиятлардан ҳолилиги, халқларнинг тарихий яқинлиги ва иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдириб туриши ётади. Бошқача қилиб айтганда, алоқалар институционал мустаҳкамланиб ва иқтисодий жиҳатдан кенгайиб, қўшилган қийматни биргаликда яратиш сари босқичма-босқич ўтиш даврига кирди.
Биринчидан, сиёсий мулоқот тизимли ва ишончли тус олди.
2017-йил июнидан буён юзма-юз ва масофавий форматларда олий даражада камида олтита икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Улар қаторига Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Модининг 2017 йилда Остонадаги ШҲТ саммити доирасидаги учрашуви, Ўзбекистон Президентининг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи, 2019 йилда Гужарат штатига ишчи ташрифи, 2020 йилда илк икки томонлама виртуал саммит, 2022 йилда Самарқанд ШҲТ саммити доирасидаги учрашув ҳамда 2025 йил август ойида етакчиларнинг телефон орқали мулоқоти киради. Сиёсий мулоқотларнинг барқарорлигини “Ҳиндистон-Марказий Осиё” саммити, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар, ҳукуматлараро комиссия ва парламентлараро алоқалар таъминлаб туради.
Янги босқичнинг сиёсий бошланғич нуқтаси бўлган 2018 йилги давлат ташрифини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки бу ташриф қабул қилинган ҳужжатлар иқтисодиёт, туризм ва фандан тортиб, мудофаа ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашгача бўлган стратегик шериклик мазмунини сезиларли даражада кенгайтирди. 2020 йилги виртуал саммит савдо ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларга етказиш бўйича умумий мақсадни белгилаб берди. 2025 йилда савдо ҳажми бу белгиланган кўрсаткичдан ошиб кетди.
Тошкент ва Деҳли БМТнинг марказий ролини кучайтириш, терроризмга қарши курашиш, Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш ва кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш борасидаги ёндашувларни қўллаб-қувватлайдилар.
Икки мамлакат қутбчилик тафаккуридан холи бўлган ҳамкорликни ёқлаб, стратегик автономия сиёсатини юритади. Айнан шу яқинлик уларнинг муносабатларини ташқи кутилмаган сиёсий вазиятларга нисбатан мустаҳкам туришига ёрдам беради.
Иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада тезлашди.
2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 366 миллион АҚШ долларни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига кўра 1,3 миллиард АҚШ долларга етди.
Шундай қилиб, ислоҳотлар даврида у тахминан 3,6 баробар ошди, шу жумладан, фақатгина ўтган йилнинг ўзида 33,3 фоиз ўсиш кузатилди. Яқингача улкан вазифа сифатида қабул қилинган ушбу мақсад эндиликда ортда қолди.
Ўзаро алоқалар моделининг ўзгариб бораётгани ҳам бирдек муҳимдир. Кун тартиби тайёр маҳсулотларни импорт ва экспорт қилишдан локализация, технологиялар трансфери ва саноат кооперациясига босқичма-босқич ўтиб бормоқда.
2022 йил август ойида икки давлат етакчилари ольти йил ичида қўшма корхоналар сони беш баробар ошганини қайд этгандилар. 2025 йил август ҳолатига кўра, қарийб 40 та янги қўшма корхона ва лойиҳалар ишга туширилди, етакчи ҳинд компаниялари билан истиқболли ташаббуслар портфели эса 2 миллиард АҚШ долларга етди.
Учинчидан, муносабатларнинг технологик ва гуманитар мазмуни сифат жиҳатидан бойиди.
Ҳиндистон капитали энг кўп фармацевтика, соғлиқни сақлаш, кимё саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ахборот технологияларида намоён бўлмоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали – Тошкент шаҳрида Амити, Андижонда Шарда, Жиззахда Самбхрам ва Бухорода Ачаря фаолият юритиб, янги иқтисодиёт учун кадрлар пойдеворини шакллантирмоқда. Андижон вилояти ва Гужарат штати ўртасидаги шериклик, ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳаво йўллари қатнови ва сайёҳлик алмашинувининг кенгайиши муносабатларни ҳамкорликнинг янги ва самарали босқичига олиб чиқмоқда.
Шу билан бирга, эришилган ўзаро алоқа даражаси мамлакатларимиз ихтиёридаги улкан салоҳиятни ҳали тўлиқ акс эттирмаяпти. Ҳиндистон дунёдаги энг йирик бозорлардан бири ҳамда ахборот технологиялари, фармацевтика, муҳандислик ва тадбиркорликнинг халқаро марказидир. Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга бозори, жадал ислоҳотлар қилинаётган иқтисодиёт ва минтақавий боғлиқликнинг табиий ҳалқаси ҳисобланади.
Шу муносабат билан, янги босқичнинг асосий вазифаси юқори даражадаги сиёсий ишончни иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор инфратузилмасига айлантиришдан иборат. Ҳамкорликни бир неча баробар кўпайтириш учун саъй-ҳаракатларни қуйидаги йўналишларга қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Биринчидан – транспорт боғлиқлиги ва логистика.
Ҳиндистон учун Марказий Осиёга чиқиш стратегик аҳамиятга эга.
Минтақамиз 80 миллиондан ортиқ аҳолига эга бозор, ресурслар ва ўсиб бораётган талабга эга, бироқ Ҳиндистон билан умумий чегара йўқлиги ва транзит чекловлари икки томонлама савдонинг сусайишига сабаб бўлади. Ҳиндистоннинг минтақадаги бешта давлат билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми унинг иқтисодий салоҳиятига умуман мос келмаслиги диққатга сазовордир. Икки карра қуруқлик билан ўралган мамлакат бўлган Ўзбекистон учун транспорт харажатлари юртимознинг экспорт рақобатбардошлигини бевосита белгилаб берувчи асосий омилдир.
“Ҳиндистон – Эрон (Чабаҳор порти) – Туркманистон – Ўзбекистон” йўналиши амалий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. 2018 йилда Ҳиндистон “Шаҳид Беҳешти” терминалини бошқаришда қатнаша бошлади. 2024 йилда ўн йиллик шартнома имзоланган вақтга келиб, у орқали турли тоифадаги 8 миллион тоннадан ортиқ юк ва 90 мингга яқин йигирма футлик эквивалентдаги контейнер ташиб ўтилди. Деҳли Чабаҳор портини сиёсий жиҳатдан заиф савдо йўналишларини четлаб ўтган ҳолда Афғонистон ва Марказий Осиёга кириш нуқтаси сифатида қабул қилади, Тошкент эса Ҳинд океанига ва дунёдаги энг йирик бозорлардан бирига чиқиш имконияти сифатида кўради.
Шуни таъкидлаш керакки, Яқин Шарқдаги давом этаётган геосиёсий тангликка қарамай, Ҳиндистон “Шимол–Жануб” халқаро савдо йўлагига қатъий содиқлигини намойиш этмоқда ҳамда ушбу йўлакнинг асосий бўғини ҳисобланган Чабаҳор порти инфратузилмасини ривожлантиришга ўз сармояларини кейинчалик ҳам йўналтиришни давом эттиришга тайёрлигини билдирмоқда.
Шу муносабат билан, қатъий жадвалга эга бўлган мунтазам контейнер қатнови ва ягона транспорт ҳужжатларини жорий этиш алоҳида долзарб аҳамият касб этади. Ушбу йўналишни “Шимол-Жануб” йўлаги ва Ашхобод битими билан интеграция қилиш етказиб бериш муддатларини қисқартириши мумкин. Гап фақат транспорт ҳақида кетаётгани йўқ. Бу йўлак савдо, саноат кооперацияси ва бошқа соҳаларнинг ривожланишига туртки бўла олади.
Иккинчидан – рақамли иқтисодиёт, IT-аутсорсинг ва сунъий интеллект.
Ҳиндистон глобал рақамли бозорда етакчи ўринларни эгаллайди ҳамда илғор технологиялар, кадрлар тайёрлаш, компанияларни кенгайтириш ва ташқи бозорларда ишлаш бўйича улкан тажрибага эга.
Ўзбекистон ҳам шундай экспортга йўналтирилган йўналишни ривожлантирмоқда. Миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистоннинг IT-хизматлар экспорти 545,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 61,8 миллион АҚШ долларга ёки 12,8 фоизга кўпдир. 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсад экспортни 5 миллиард долларга етказиш, 300 та иш ўрни яратиш ва БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида кучли 30 таликка киришдан иборат.
Мамлакатнинг рақобатдош устунликлари – ёш аҳоли, нисбатан паст операцион харажатлар, солиқ имтиёзлари ва Марказий Осиё бозорларига қулай кириш имкониятидир.
Бу ерда ўзаро манфаатдорлик яққол кўриниб турибди. Ҳиндистон компаниялари ўзларининг кадрлар ва географик базасини диверсификация қилган ҳолда, Ўзбекистонда маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва бизнес-жараёнларни аутсорсинг қилиш марказларини жорий этишлари мумкин.
Учинчидан – фармацевтика, биотехнология ва тиббий хизматлар.
Ҳиндистон дори воситаларининг умумий ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик етказиб берувчи давлатлардан бири бўлиб, унинг улуши халқаро бозорда тахминан 20 фоизни ташкил қилади.
2025 йилда Ҳиндистоннинг фармацевтика экспорти 30,5 миллиард долларга етди ва 191 давлатни қамраб олди. Тиббий маҳсулотлар экспорти 4,1 миллиард АҚШ долларни ташкил этди. Ҳиндистоннинг устун жиҳатлари – бу ишлаб чиқариш кўлами, нархларининг муқобиллиги ва қаттиқ тартибга солинадиган бозорларда ишлашга мослашувчанлик тажрибасининг уйғунлигидир.
Аҳолиси ўсиб бораётган ва дори воситалари ҳамда тиббий хизматларга талаби ортиб бораётган Ўзбекистон учун бу ҳамкорлик юқори сифатли дорилар билан таъминлаш, импорт ўрнини босиш ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш вазифаларини бир вақтнинг ўзида ҳал қилади. Ҳиндистон компаниялари учун Ўзбекистон Марказий Осиё бозори ва ишлаб чиқариш базаси сифатида муҳим бўлса, Ўзбекистон учун Ҳиндистон технологиялар ва кадрлар тайёрлаш манбаи сифатида зарурдир.
Бизнинг назаримизда, йиғиш ва қадоқлашдан тўлиқ циклга ўтиш зарур. Фармацевтика маҳсулотларининг фаол моддалари, вакциналар, диагностика тизимлари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш, шунингдек, қўшма тадқиқотлар ва клиник синовлар ўтказиш лозим. Келажакда қўшма клиникалар ва тиббий туризмни ривожлантириш ҳам катта салоҳият касб этади.
Тўртинчидан – агросаноат кооперацияси ва сувни тежаш.
Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳам йирик қишлоқ хўжалиги секторига эга бўлиб, сув танқислиги, иқлим билан боғлиқ хавфлар ва ҳосилни йиғиб олишдан кейинги йўқотишларга дуч келмоқда. Ҳиндистон томчилатиб суғориш, селекция, далаларни рақамли мониторинг қилиш, қайта ишлаш ва тез бузуладиган маҳсулотларни совутиш занжирларни яратиш борасида улкан тажрибага эга. Ўзбекистон талаб юқори бўлган мева-сабзавотлар, тўқимачилик хомашёси ва қайта ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаради, бироқ Ҳиндистон бозорига кириш логистика ва фитосанитария тартиб-таомиллари бироз ноқулайликларга эга.
Қўшма лойиҳалар бутун таъминот занжирини – уруғлар ва сувни тежайдиган технологиялардан тортиб совуткичли омборлар, қадоқлаш, сертификациялаш ва экспорт қилишни қамраб олиши керак. Ҳиндистон учун бу Марказий Осиёда агротехнология компанияларини ташкил этиш ва озиқ-овқат етказиб беришни диверсификация қилиш имконияти бўлса, Ўзбекистон учун ҳосилдорликни ошириш, тез бузуладиган маҳсулотларни яхши ҳолатда сақлаш ва 1,4 миллиарддан ортиқ аҳолига эга бозорга чиқиш имкониятидир. Фитосанитария стандартларини уйғунлаштириш ва тез бузиладиган маҳсулотлар учун “яшил йўлак” яратиш алоҳида вазифа бўлиши лозим.
Бешинчидан – муҳим аҳамиятга эга минераллар ва “яшил” энергетика.
Жадал ривожланиб бораётган Ҳиндистон саноати – электроника, аккумуляторлар, электромобиллар ва қайта тикланадиган энергия мис, уран, шунингдек, нодир ва муҳим минералларга бўлган талабни оширмоқда. Ҳиндистон таъминотни диверсификация қилишга ва ташқи манбаларнинг чекланган доирасига қарамликни камайтиришга интилмоқда. Ўзбекистон “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун муҳим бўлган 32 турдаги фойдали қазилма захираларига эга.
Ўзаро манфаат хомашёни оддийгина сотишда эмас, балки қўшма қиймат занжирларини, жумладан, геологик қидирув, “яшил” металлни қайта ишлаш, электроника ва қуёш энергетикаси учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, шунингдек, ўғитлар ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни шакллантиришдан иборат. Ҳиндистон янада барқарор ресурс базасига эга бўлади, Ўзбекистон эса капитал, технология ва барқарор талабни қўлга киритади. Ушбу модель Янги Ўзбекистоннинг асосий тамойилига мос келади. Ҳар бир инвестиция лойиҳаси технология, тажриба ва экспортда қўшилган қиймат келтириши керак.
Олтинчидан – таълим, фан ва инсон капиталининг ҳаракатчанлиги.
Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали таълимни ўзаро муносабатларнинг энг сезиларли устунларидан бирига айлантириб улгурди. Аммо эҳтиёж бундан анча кенгдир. Ахборот технологиялари соҳасида 30 мингта иш ўрни яратиш, фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ва муҳандислик тармоқларини ривожлантириш мақсадларига эришиш учун Ўзбекистонга амалий кўникмаларга эга ўн минглаб мутахассислар керак. Ҳиндистон эса кенг кўламли техник ва тиббий таълим тизимига ҳамда халқаро компаниялар учун кадрлар тайёрлаш тажрибасига эга.
Кейинги қадам қўшма илмий-тадқиқот марказлари, қўшма диплом дастурлари, корхоналарда базавий кафедралар очиш бўлиши керак. Ҳиндистон учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги таълим марказига айланиши мумкин, Ўзбекистон учун эса ҳинд дастурлари муҳандислик, рақамли ва бошқарув капиталини жадал ривожлантириш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Таълим инвестициялар, фан ва ишлаб чиқаришни боғловчи кўприкка айланиб, узоқ муддатли шериклик учун ягона экотизимни шакллантириши лозим.
Шундай қилиб, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатлари натижага йўналтирилган стратегик шерикликка айланиши мумкинлигини яққол кўрсатди.
Белгиланган йўналишларнинг изчил амалга оширилиши ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришига шубҳа йўқ. Бугунги кунда икки мамлакатнинг устувор йўналишлари объектив равишда уйғунлашмоқда.
Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик марказига айланиб бораётган бўлса, Ҳиндистон глобал иқтисодиёт ва сиёсатнинг асосий қутбларидан бирига айланмоқда. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга айни пайтдаги ташрифи икки томонлама муносабатларга катта туртки бўлиб, эришилган келишувларни мустаҳкамлаш ва стратегик шерикликнинг янги устувор йўналишларини белгилаш имконини бериши шубҳасиз. Икки давлат траекторияларининг яқинлашуви ўзбек-ҳинд шериклигини Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги асосий боғловчи кўприклардан бирига айлантириши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси