Ўзбек алифбосининг янги шаклида Ö, Ğ, Ş, Ç ҳарфлари жорий этилди

Октябрь 22, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 194
Ўзбек алифбосининг янги шаклида Ö, Ğ, Ş, Ç ҳарфлари жорий этилди

ТОШКЕНТ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Янги алифбо расман эълон қилинганидан кейин олти ой ўтиб, яъни 2027 йил 22 апрелдан кучга киради. Қонунга мувофиқ, амалдаги алифбодаги тўртта ҳарф бирикмаси ва белгиси ўзгартирилади.

Қонун қуйидаги ўзгаришларни назарда тутади:

O‘ o‘ → Ö ö

G‘ g‘ → Ğ ğ

Sh sh → Ş ş

Ch ch → Ç ç

Шунингдек ўқинг

“Ng” ҳарф бирикмаси мустақил ҳарф сифатида алифбодан чиқарилади. Тутуқ белгиси (’) эса алифбода сақланиб қолади. Натижада янги алифбо 28 та ҳарф ва апострофдан иборат бўлади.

Ўзгаришларнинг асосий мақсади ­– ўзбек ёзувидаги мавжуд ноқулайликларни бартараф этиш, имлони соддалаштириш ва ўзбек тилининг рақамли макондаги имкониятларини кенгайтиришдир.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ушбу ислоҳотни узоқ йиллар давомида муҳокама қилинган масаланинг ечими сифатида баҳолаб, уни тилнинг мавқеи ва ёшлар саводхонлигини ошириш билан боғлади.

Қонуннинг кучга кириши алифбодаги ўзгаришлар барча ҳужжат ва буюмларда бир вақтнинг ўзида жорий этилишини англатмайди. Аввалги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз юридик кучини сақлаб қолади. Дарсликлар, пешлавҳалар, йўл кўрсаткичлари ва бошқа материаллар эса яроқлилик муддати тугагач ёки белгиланган дастур асосида босқичма-босқич алмаштирилади.

Амалдаги ўзбек тили учун лотин алифбоси 1993 йилда жорий этилган, 1995 йилда эса унга қатор ўзгартишлар киритилган. Лотин ёзувига тўлиқ ўтиш режаси белгиланган муддатда амалга ошмагани сабабли, мамлакатда бугунга қадар кирилл ва лотин ёзувларидан фойдаланиб келинмоқда.

Янги қонун алифбони бирхиллаштириш ва замонавий рақамли муҳитга мослаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш