Акрамжон Неъматов: Ўзбекистон ва Хитой шериклиги кўлами аниқ натижаларда намоён бўлмоқда
Октябрь 19, 2026. 17:00 • 6 дақ
• 146
ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда “Рақамли шериклик: сунъий интеллект ва янги авлод маълумотлар иқтисодиёти” мавзусида Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти томонидан ташкил этилди.
Кенгаш ишида икки мамлакатнинг етакчи таҳлилий, тадқиқот ва таълим муассасалари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Осиё–Тинч океани минтақаси ва глобал стратегия институти ҳамда Миқдорий иқтисодиёт ва техник иқтисодиёт институти вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва давлат идоралари вакиллари ҳам қатнашди.
Учрашув Кенгашнинг 2025 йил 22 март куни Пекинда бўлиб ўтган, иқлим кун тартиби, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва экологик технологияларни жорий этишга бағишланган биринчи йиғилишида бошланган экспертлар мулоқотининг давоми бўлди.
Бу гал асосий эътибор рақамли трансформация бўйича миллий стратегиялар, сунъий интеллектни тартибга солишга доир ёндашувлар, инвестициялар ва инновацияларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига қаратилди.
Йиғилиш Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цяннинг Ўзбекистонга ташрифи кунларида бўлиб ўтди. Ташриф доирасида унинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралари ва Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашуви ўтказилди.
Йиғилиш давомида экспертлар Ўзбекистон–Хитой муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани ҳамда сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликдан тортиб, илмий-техник кооперация, рақамлаштириш ва гуманитар алмашинувларгача бўлган барча йўналишларда изчил ривожланаётганини қайд этди.
Шериклик кўлами аниқ натижаларда намоён бўлмоқда. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробар ошиб, 2025 йил якунларига кўра 18 миллиард долларга яқинлашди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан тўғри инвестициялари ҳажми 17 миллиард долларга етди, Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони 6,5 мингдан ошди, қатъий келишувларга асосланган лойиҳалар портфели эса қарийб 60 миллиард долларни ташкил этди.
Шу билан бирга, ҳамкорликнинг анъанавий йўналишлари қаторида рақамли технологиялар, сунъий интеллект, робототехника ва “яшил” энергетика каби юқори технологияли тармоқларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Йиғилишда сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов сунъий интеллект ва маълумотлар иқтисодий рақобатбардошлик, давлат бошқаруви сифати ҳамда технологик хавфсизликни белгиловчи асосий омилларга айланаётганини таъкидлади. Ишлаб чиқариш занжирлари қайта шаклланаётган ва технологик рақобат кучаяётган шароитда ушбу соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон учун алоҳида амалий аҳамият касб этмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида рақамли трансформация ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. “Рақамли Ўзбекистон – 2030”, “Ўзбекистон – 2030” стратегиялари ҳамда Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясининг амалга оширилиши маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, ҳисоблаш қувватларини ошириш ва миллий иқтисодиётга интеллектуал ечимларни жорий этиш учун асос яратмоқда.
Ислоҳотларнинг изчиллиги халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 17 поғона, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Глобал инновациялар индексида 16 поғона ҳамда Oxford Insights ташкилотининг Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида 25 поғона юқорилади.
Шу билан бирга, мамлакат ўз ўрнини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган. Президент томонидан 2030 йилга қадар электрон ҳукумат ривожи бўйича етакчи 30 та, сунъий интеллектни қўллашга тайёрлик бўйича 50 та ва инновацион ривожланиш даражаси бўйича 60 та давлат қаторига кириш вазифалари белгиланган.
Ушбу мақсадларга эришиш рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва электрон хизматларни кенгайтириш билан бир қаторда, ўз технологик компетенцияларини шакллантириш, сунъий интеллектни амалиётда кенгроқ қўллаш ҳамда миллий рақамли иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишни тақозо этади.
Акрамжон Неъматов Хитой Ўзбекистоннинг технологик ва саноат трансформациясига салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Савдо ва инвестициялар кўламининг кенгайиши билан бирга телекоммуникациялар, маълумотларни қайта ишлаш, рақамли хизматлар ва сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда.
Бунда шерикликни янада чуқурлаштириш асосан тайёр ечимларни жорий этишдан технологиялар трансфери, муҳандислик компетенцияларини ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда қўшма тадқиқот ва ишланмаларни кенгайтиришни назарда тутувчи янада чуқур технологик кооперацияга ўтиш билан уйғун кечиши лозим.
“Биз учун Хитой билан ҳамкорлик тайёр ечимларни харид қилиш билан чекланиб қолмасдан, ўз компетенцияларимиз, инфратузилмамиз ва миллий иқтисодиёт эҳтиёжларига мослаштирилган технологияларимизни ривожлантиришга хизмат қилиши принципиал аҳамиятга эга”, – дея таъкидлади СМТИ директорининг биринчи ўринбосари.
У технологик шериклик миллий рақамли экотизимнинг очиқлиги ва халқаро технологик занжирларга интеграциялашувини сақлаган ҳолда Ўзбекистоннинг технологик суверенитетини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозимлигини қайд этди. Маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли ечимларнинг ўзаро мослигини таъминлаш, мамлакатнинг илмий ва муҳандислик компетенцияларини ривожлантириш, фуқаролар ва бизнеснинг рақамли иқтисодиёт имкониятларидан кенг фойдаланишини таъминлаш бундай ҳамкорликнинг муҳим шартидир.
Мисол тариқасида Акрамжон Неъматов STAR.VISION компанияси томонидан “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва 2026 йил август ойида учирилган “Samarkand–2028” Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини келтирди.
Ўзбекистонлик муҳандислар сунъий йўлдошга интеграция қилинган сунъий интеллект модулини яратди. Ушбу тажриба ерлар мониторинги, экологик вазиятни баҳолаш ва табиий ресурсларни бошқариш учун юқори технологияли ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш салоҳиятини намоён этади.
Ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб, Акрамжон Неъматов бешта устувор йўналишни белгилаб берди: юқори унумли ҳисоблаш тизимлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини қамраб олувчи ҳисоблаш инфратузилмаси ҳамда маълумотлар иқтисодиётини ривожлантириш; сунъий интеллект ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш ва саноат, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда давлат бошқарувига жорий этиш; кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш; электрон тижорат ва рақамли молияни ривожлантириш; киберхавфсизликни мустаҳкамлаш.
У Ўзбекистон Президентининг Ўзбекистон–Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш ташаббусини амалда рўёбга чиқариш, қўшма тажриба лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда ўзбек тилидаги тил моделларини ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият қаратди.
Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инновацияларни қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган, сунъий интеллект этикаси ва уни тартибга солиш бўйича мувозанатли ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистоннинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилоти (WAICO)да таъсисчи давлатлардан бири сифатида иштирок этиши ҳамкорлик учун қўшимча имкониятлар очади.
Акрамжон Неъматов сўзининг якунида Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгаши икки томонлама мулоқот майдони бўлиш билан бирга, икки мамлакатнинг илмий, технологик ва ишбилармонлик салоҳиятини бирлаштирган ҳолда амалий эҳтиёжларга жавоб берадиган таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришнинг самарали механизмига айланиши лозимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, хитойлик экспертлар Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилма ва миллий инновацион экотизимни ривожлантириш борасидаги ютуқлари, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасида минтақавий марказга айланиш салоҳияти ортиб бораётганини қайд этди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистоннинг Рақамли ипак йўлини ривожлантиришдаги иштироки истиқболли экани ҳам таъкидланди. Ушбу ташаббус технологик кооперация, рақамли хизматлар, маълумотлар алмашинуви ва қўшма инновацияларни кенгайтиришга кўмаклашиб, Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги рақамли алоқаларни мустаҳкамлайди.
Йиғилиш иштирокчилари рақамли шерикликка оид барча масалалар юзасидан экспертлар мулоқотини давом эттириш ҳамда сунъий интеллект, маълумотлар иқтисодиёти ва рақамли трансформация соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган амалий ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси