Шого Аоки: Осиё ўйинлари Нагоя ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлади

Октябрь 11, 2026. 16:30 • 3 дақ

• 94
Шого Аоки: Осиё ўйинлари Нагоя ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлади

НАГОЯ, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон спорт делегациясининг Япониядаги XX ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этгани муносабати билан “Noritsuisu Co. Ltd.” компанияси президенти ва “Aces Japan” МЧЖ бош директори Шого Аоки “Дунё” АА мухбирига ўз таассуротларини сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, Нагоя шаҳрида Осиё ўйинларининг ўтказилиши у томонидан ҳали 2014 йилда — JCI Nagoya президенти лавозимида ишлаган даврида илгари сурилган ғоянинг амалдаги ифодаси бўлди. Ўшанда у Айчи префектураси губернаторига минтақада халқаро спорт тадбирини ташкил этиш бўйича таклиф киритган эди. Мазкур ташаббус минтақанинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва спорт орқали инсонларни бирлаштиришга қаратилган.

Шого Аоки Нагоя ва Тошкент ўртасидаги биродарлик муносабатлари ўзбекистонлик спортчиларнинг мусобақадаги ютуқларига алоҳида мазмун бағишлаганини таъкидлади. У Ўзбекистонни 70 та медаль қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллагани билан табриклади. У Япония ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасида ўтказилган эркаклар ўртасидаги футбол турнирининг ярим финал баҳсига ҳам алоҳида тўхталиб, бу учрашув япон жамоатчилигининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширганини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Ишбилармонлик ҳамкорлиги ҳақида гапирар экан, Шого Аоки “Noritsuisu Co. Ltd.” компанияси Ўзбекистондаги маҳаллий “Aces Japan” қўшма корхонаси орқали офис мебелларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётганини айтди. Унинг баҳолашича, ўзбекистонлик ҳамкасблар билан биргаликдаги ишлар ва Осиё ўйинларининг ўтказилиши икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. У спорт тадбири яратган ижобий импульс ишбилармонлик, таълим ва гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга хизмат қилишига умид билдирди.

Шого Аоки ёш тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталди. JCI Nagoya кўмагида Тошкентда Ўзбекистон ёшлар халқаро палатаси (JCI Uzbekistan) ташкил этилгани халқаро бизнес ҳамжамияти билан алоқалар ўрнатиш учун янги имкониятлар очаётганини таъкидлади. Мазкур ташкилот 2027 йил ноябрь ойида Нагоя шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон конгресси доирасида JCI глобал тармоғига расман қўшилиши кутилмоқда.

Якунда Шого Аоки Осиё ўйинлари туфайли мустаҳкамланган дўстона муносабатлар ёш тадбиркорлар ва бизнес-лидерлар ўртасидаги алмашинувлар орқали янада ривож топиб, Нагоя ва Тошкент, шунингдек, Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш