Ўзбекистон миллий маданиятини хорижда фаол тарғиб этиш мақсадида «Ўзбек маданияти элчиси» мақомини бериш тизими жорий этилади

Декабрь 29, 2023. 08:53 • 2 дақ

180
Ўзбекистон миллий маданиятини хорижда фаол тарғиб этиш мақсадида «Ўзбек маданияти элчиси» мақомини бериш тизими жорий этилади

ТОШКЕНТ, 29 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти «Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.



Ҳужжат билан 2024–2025 йилларда республикада ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режаси тасдиқланди.

2024 йилдан ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида республика танлови ўтказилади.

2024 йил 1 апрелдан «Маданият тўлқинлари» медиа лойиҳаси амалга оширилади.

Медиа лойиҳа доирасида танлов ўтказиладиган йўналишлар ва уларнинг концепцияси белгилаб берилиб, жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинган ва ғоявий юксак энг яхши 50 та медиа маҳсулотнинг ҳар бири 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.

Лойиҳа давомида «Хон қабули» театрлаштирилган тарихий тантанали расмий қабул маросими намуна сифатида Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасида ташкил этилади.

Шунингдек, аҳоли орасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда машҳур маҳаллий ва хорижий шахслар иштирокида «Юлдуз билан саёҳат» лойиҳаси амалга оширилади.

Тегишли манзилларда эса «Кўча санъати ва мусиқаси» лойиҳаси амалга оширилади.

Бунда:

- тегишли кўчаларда чолғу асбоблари, рассомчилик ва ҳунармандчилик савдо расталари ташкил этилади;

- ҳар чорак якунида ҳар бир ҳудуддан 10 нафар фаол ижодкор БҲМнинг камида 20 баравари миқдоридаги пул маблағлари билан рағбатлантириб борилади.

Қарорга кўра, миллий маданиятимизни хорижда фаол тарғиб этувчи чет эл фуқаролари, жумладан ватандошлар фаолиятини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбек маданияти элчиси» мақомини бериш тизими жорий этилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш