Logo

Ўзбекистонлик созандалар III Фужайра халқаро уд форумида иштирок этади

Май 02, 2025. 10:11 • 2 дақ

909
Ўзбекистонлик созандалар III Фужайра халқаро уд форумида иштирок этади

АБУ-ДАБИ, 2 май. /"Дунё" АА/. Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра Тасвирий санъат академиясида 5-7 май кунлари "Бир уд, кўплаб маданиятлар" шиори остида III Фужайра халқаро уд форуми бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Эрон, Миср, Сурия, Ўмон, Ироқ, Испания, Марокаш каби давлатлардан уд ва миллий чолғу асбоблари ижрочилари иштирок этади.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра Тасвирий санъат академияси ва Ўзбекистон давлат консерваторияси ўрасида ҳамкорлик меморандум имзоланган. Ўтган йили сентябрь ойида Фужайра тасвирий санъат академияси директори Али Обаид Ал Хефаити ва бир гуруҳ созандалар юртимизда бўлди. Сафар давомида Ўзбекистондаги машҳур созандалар ва жамоалар билан биргаликда концерт дастурида қатнашди .

Мазкур яқин ҳамкорлик ўлароқ, жорий йилда бўлиб ўтадиган мусиқа фестивалида Ўзбекистон давлат консерваторияси мураббий ва талабалардан иборат ижодий жамоа расмий равишда таклиф этилди. Ўзбекистон созандаларининг мазкур халқаро тадбирда иштироки Ўзбекистон мусиқа санъатини янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилади. 

Ташкилотчиларга кўра, тадбирнинг очилиш қисмида турли миллат вакилларидан иборат 50 нафар созандадан тузилган оркестр ҳинд, ўзбек, озар ва турк миллий услубларини, шунингдек, испан фламенкоси, рок мусиқаси ва араб шарқ мусиқаларини ўзида мужассам этган мусиқий композиция ижро этилади. Форум давомида, шунингдек, турли мамлакатдан келган санъаткорларнинг яккахон ва жамоавий чиқишлари ҳам бўлиб ўтади.

Фужайра Тасвирий санъат академияси бош директори Али Обаид Ал Хефаитининг айтишича, мазкур анжуман мусиқа орқали халқлар ўртасидаги маданий мулоқот ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш