Москвада Ўзбекистон маданияти ва меросига бағишланган кўргазма бўлиб ўтди
Ноябрь 18, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 237МОСКВА, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси ҳамда Россия халқлар дўстлиги университети қошидаги “Янги авлод ёшлари” ўзбек юртдошлар бирлашмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон маданияти, миллий анъаналари ва маънавий меросига бағишланган кўргазма ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир “Бизни Москва дўстлаштирди” фестивали доирасида ташкил этилди. Учрашувдан кўзланган мақсад – халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда талабалар ва фестиваль меҳмонлари ўртасида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Ташриф буюрувчилар мамлакатимиз маданияти, унинг бой тарихи, урф-одат ва анъаналари, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишдилар.
“Бир Ватан, бир миллат, бир байроқ!” шиори остида Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги нишонланиши кўргазмага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Кўргазма доирасида байроқнинг тинчлик, бирдамлик, фаровонлик ва халқимизнинг миллий ғурурини ўзида мужассам этган, мустақиллик ҳамда суверенитетнинг энг муҳим рамзларидан бири сифатидаги ўрни алоҳида эътироф этилди.
Тадбир россиялик ва хорижий талабаларни Ўзбекистоннинг бой маданий ранг-баранглиги билан таништиришга имкон яратди. Шу билан бирга, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда чет элдаги ўзбек ёшларининг миллий ўзлигини асраб-авайлашига хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


