Ҳиндистонда Ўзбекистон маданият кунлари катта муваффақият билан ўтди
Октябрь 21, 2025. 14:43 • 2 дақ
• 39
ДЕҲЛИ, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистонда Ўзбекистон маданият кунлари катта муваффақият билан ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданият кунлари икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстона муносабатлар ва маданий яқинликнинг ёрқин далили бўлди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Бу эса иккала халқнинг маданий қадриятлари, анъаналари ва, хусусан, мусиқа, қўшиқ ва рақсларни қабул қилишдаги яқинлигини белгилаб берган.
Маданият кунларининг ўтказилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Маданий алмашинув халқ дипломатиясининг кучли воситасини ҳамда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятини намойиш этди.
Маданият кунларининг асосий тадбирлари Ўзбекистон Давлат филармонияси Навоий бўлимининг ижодий жамоаси иштирокида ташкил этилди.
Маданият кунлари доирасида ўзбекистонлик артистлар Уттаракҳанд штатининг маъмурий маркази – Деҳрадун шаҳридаги "Virasat" (Мерос) халқаро маданият, санъат ва миллий қадриятлар фестивалида иштирок этди.
"Virasat" фестивали – Ҳиндистоннинг бой санъати, маданияти ва меросига бағишланган йиллик маданий тадбирдир. Тадбир ҳунармандчилик, мусиқа, рақс ва миллий ошхона намуналарини намойиш этади, қишлоқ санъати турларини қайта тиклаш ва маданий хабардорликни оширишда муҳим роль ўйнайди.
Халқаро фестиваль саҳнасида ўзбек миллий мусиқаси, қўшиқлари ва рақслари тақдим этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон маданият кунлари воқеалари Деҳлига кўчди. Ҳиндистон пойтахтида ўзбек маданияти, мусиқаси ва рақсларининг тантанали кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирнинг 400 дан ортиқ иштирокчилари Ўзбекистоннинг иқтисодий ва туристик салоҳияти, миллий қадриятлари билан яқиндан танишди. Уларда амалий санъат намуналари ҳамда палов, сомса, чак-чак ва бошқа миллий таомлар ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Маданият кунларининг якунида Агра шаҳридаги дунёга машҳур Тож-Маҳал мажмуаси ёнида ўзбек рақсларининг ранг-баранг флешмоби ташкил этилди.
Ўзбекистон маданият кунлари тадбирлари Ҳиндистон жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Ўзбекистонлик санъаткорларнинг Деҳрадун ва Деҳлидаги чиқишлари, шунингдек, Тож-Маҳал ёнидаги флешмоби Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларида кенг ёритилди, ҳинд халқининг мамлакатимизнинг бой маданий меросига бўлган юқори қизиқишини ифода этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди