Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Декабрь 11, 2025. 12:58 • 2 дақ
• 497БЕРЛИН, 14 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиядаги Ўзбекистон ва Озарбайжон элчихоналари ҳамкорликда “QGallerie” кўргазмалар уйида ўзбек сўзаналари ва озар калагайлари намойишига бағишланган “Уйқаш оламлар” номли каштачилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ҳунармандчилик маҳсулотларини Германия жамоатчилигига танитиш, уларни Европа бозорларига чиқишда қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Озарбайжон дипломатия ваколатхоналари вакиллари, “Willkommen in Berlin” дипломатлар клуби аъзолари, ўзбек тили ва маданиятини ўрганаётган Гумбольдт университети талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари, санъат ихлосмандлари ҳамда ватандошлар қатнашди.
Кўргазманинг очилиш маросимида мамлакатимиз элчихонаси вакиллари юртимизда барча соҳалар каби миллий ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш, қадимий анъаналарни ёш авлодга етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, юртимизнинг юксалиб бораётган туризм имкониятлари ҳақида маълумот берди. Кўргазмага ташриф буюрганларни ўзбек сўзаналари олами билан яқиндан танитиш учун мамлакатимизга ташриф буюришга чорлади.
Шунингдек, тадбир дастурида миллий маданиятимизда сўзаналарнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида маъруза ҳамда ўзбек миллий рақслар ижроси тақдим этилди. Галереяда юртимизнинг турли ҳудудлари ва каштачилик мактаблари йўналишларига тегишли сўзаналар намойиш этилди. Ўзбек каштачилиги мактаби ҳақида намойиш этилган фильм орқали қатнашчилар юртимизнинг миллий ҳунармандчилиги, устоз-шогирд анъаналари ҳамда хорижий сайёҳлар гавжум тарихий шаҳарлар намойиш этилди.
Ўзбек миллий сўзаналарини тикиш сирлари билан яқиндан таништириш мақсадида маҳорат-дарслар ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўзбекона муҳитда ватандошларимиз кўмагида бевосита сўзаналарни ўз қўллари билан тикиб кўриш имкониятига эга бўлди. Юртимиз сўзаналари қаторида намойиш этилган озарбайжон миллий ипак рўмоллари ҳам иштирокчиларга Ипак йўлида жойлашган давлатларнинг бугунги кунга қадар авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик санъати билан кенг танишиш имконини берди.
Рождество байрами арафасида ўтказилган ушбу кўргазма 9 январга қадар давом этади ва германияликлар учун энг яхши янги йил туҳфаси сифатида тақдим этилади. Тадбирлар доирасида германиялик санъатсевар қизиқувчилар учун ўзбекистонлик ҳунармандлар билан онлайн давра суҳбати уюштирилади.
“Кўргазма бизга жуда ёқди. Санъат асарлари саналган бетакрор ўзбек сўзаналари ва озарбайжон ҳарир ипак рўмолларини ҳамоҳангликда мужассам этган кўргазма орқали ўзбек ва озарбайжон маданиятларини танитиш ғояси менга жуда ёқди. Фильм намойиши орқали сўзаналарнинг тайёрлаш ва тикиш жараёни, сирлари ҳақида қизиқарли маълумотларни олдик. Кўргазмага мусиқий жило берган мусиқа ва рақслар ижроси эса бу икки халқнинг бой маданиятини кўрсатди. Ўзбек сўзаналарини Берлинда намойиш этилиши жуда ҳам ажойиб, чунки бу ерда барча халқлар маданияти туташган”, – дейди “Willkommen in Berlin“ дипломатлар клуби аъзолари Моника Вильде ва Хоуриа Вайх
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





