Logo

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида "Ўзбекистон мероси куни" ўтказилди

Октябрь 30, 2025. 16:35 • 2 дақ

166
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида "Ўзбекистон мероси куни" ўтказилди

НЬЮ-ЙОРК, 30 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси илк маротаба Нью-Йорк мэри резиденциясида "Ўзбекистон мероси куни" тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда АҚШ расмий доиралари вакиллари, дипломатик корпус, илмий ва маданий жамоатчилик, Нью-Йорк ва унга яқин ҳудудларда яшаётган ватандошлар, шунингдек, ўзбек маданияти ва санъати ихлосмандлари қатнашди.

Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг бой миллий ва маданий меросини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб этиш, мамлакатимиздаги туризм ва маданий дипломатия салоҳиятини намойиш этиш, шунингдек, хориждаги ватандошлар, айниқса ёш авлодни миллий қадриятлар, тарихий мерос ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.

Анжуманни Нью-Йорк шаҳар мэри Эрик Адамс қутлов нутқи билан очиб берди. "Ўзбек халқи маданияти ва анъаналари чуқур тарихий илдизларга эга. АҚШдаги ўзбек диаспораси бошқа жамоалардан ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик ва миллий қадриятларга садоқати билан ажралиб турда. Нью-Йорк шаҳрида бундай маданий алоқаларнинг ривожланиши кўп миллатли жамиятда ўзаро тушуниш ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади", – деди мэр Эрик Адамс.

Кеча доирасида ўзбек миллий мероси, маданияти ва турмуш тарзини ёритувчи кенг кўламли экспозициялар ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос амалий ва бадиий ҳунармандчилик намуналари – зардўзлик, адрас ва атлас тўқималари, кулолчилик ва мисгарлик буюмлари намойиш этилди.

Шунингдек, меҳмонлар учун миллий таомлар – ўзбек палови, сомса, нон ва ширинликлардан иборат гастрономик кўргазма ҳам ташкил этилди. Иштирокчилар ўзбек миллий ошхонасини юқори баҳоладилар.

Тадбирнинг маданий қисми ўзбек миллий куй-қўшиқлари ва рақслари ижро этилди.

"Ўзбекистон мероси куни" нафақат маданий тадбир, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий мулоқотни чуқурлаштирувчи дипломатик майдон сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш