Ашхобод шаҳридаги "Тошкент" маданият ва истироҳат боғида Ўзбек-туркман дўстлиги кечаси ўтказилди
Октябрь 30, 2025. 18:04 • 2 дақ
• 229
АШХОБАД, 30 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Ашхобод шаҳридаги "Тошкент" маданият ва истироҳат боғида "Ўзбек-туркман дўстлиги кечаси" ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Туркманистоннинг расмий, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбар ва ходимлари, шунингдек, Ашхобод аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этди.
Дўстлик кечасида нутқ сўзлаган Ашхобод шаҳар ҳокими Раҳим Гандимов ва Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов умумий тарих, анъана ва қадриятлар, бой маданий мерос, яқин биродарлик ва яхши қўшничилик ришталари билан боғланган ўзбек-туркман муносабатларининг бугунги кунда икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари билан янада мустаҳкамланиб бораётганини таъкидладилар.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликдан тортиб маданият, илм-фан, таълим ва гуманитар алмашинувларигача бўлган барча соҳаларда муваффақиятли ривожланаётгани қайд этилди.
Тошкентда "Ашхобод" боғининг ва Туркманистон пойтахтида "Тошкент" боғининг барпо этилиши халқаро муносабатларда чинакам ноёб воқеа экани ҳамда икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг юқори даражасини кўрсатиб бергани таъкидланди.
Санъат усталари томонидан ижро этилган ўзбек ва туркман миллий куй-қўшиқ барчага хушкайфият улашди.
Дўстлик байрами кечаси биродарлик, дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган ўзбек ва туркман халқларининг маданий алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётгани ҳамда ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш учун янги уфқлар очилаётганининг ёрқин намойиши бўлди.
Мазкур тадбирнинг қардош ўзбек ва туркман халқлари дўстлигининг янги тимсолига айланган "Тошкент" боғида ўтказилиши эса ушбу масканни ҳамда унда жойлашган "Чойхона" ўзбек миллий таомлари ресторанини Ашхобод аҳолиси ва меҳмонларининг севимли ташриф масканига айлантиришга катта ҳисса қўшди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди