Logo

Австрияда “Лазги – муҳаббат ва қалб рақси” спектакли муваффақиятли намойиш этилди

Февраль 19, 2026. 15:58 • 2 дақ

186
Австрияда “Лазги – муҳаббат ва қалб рақси” спектакли муваффақиятли намойиш этилди
Австрияда “Лазги – муҳаббат ва қалб рақси” спектакли муваффақиятли намойиш этилди
Австрияда “Лазги – муҳаббат ва қалб рақси” спектакли муваффақиятли намойиш этилди
Австрияда “Лазги – муҳаббат ва қалб рақси” спектакли муваффақиятли намойиш этилди

ЗАЛЬЦБУРГ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Австриянинг қадимий Зальцбург шаҳридаги Катта фестиваллар зали саҳнасида “Лазги муҳаббат ва қалб рақси” номли Ўзбекистон миллий балети спектакли намойиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилган ушбу тадбир Австрия, Германия, Швейцария ва Европанинг бошқа мамлакатларидан икки мингга яқин сиёсий, иқтисодий ва маданий доира вакилларини, Вена ва Зальцбургдаги дипломатик корпус ҳамда ватандошларимизни бир даврага жамлади.

2021 йилда Тошкентда премьераси ўтказилган мазкур спектакль қисқа вақт ичида Дубай, Истанбул, Париж, Лондон, Пекин каби жаҳоннинг йирик санъат марказларини забт этгани томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Европалик санъат ихлосмандлари Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган ушбу лойиҳанинг кучли хореографияси, ўзига хос ёруғлик эффекти ва миллий анъаналар талқинини алоҳида эътироф этди.

Австриянинг “Global Neighbours” ташкилоти раҳбари Жованка Порше спектакль ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашиб, “Бу эмоция ва энергияга тўла ажойиб намойиш бўлди. Ушбу балет мен севиб томоша қилган концертлар қаторидан жой олди”, дея таъкидлади.

ЕИ делегациясининг ЕХҲТдаги доимий вакили Раса Остраускайте эса мусиқа ва рақсларнинг уйғунлигини юқори баҳолаб, ижодий жамоани улкан муваффақият билан қутлади.

Маҳаллий аҳоли ва санъатшунослар томонидан “Ҳақиқий маданий хордиқ” дея баҳоланган спектакль якунида томошабинлар ўзбек балети ижодкорларини анча вақт тик ҳолда олқишлади. Бу каби тадбирлар ўзбек миллий рақс санъатининг жаҳон маданий майдонидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш