Logo

Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Март 11, 2026. 17:00 • 2 дақ

31
Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

АШХОБОД, 11 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов Ашхобод шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Ботир Маммедов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли икки қардош давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари янги марраларга кўтарилиб, ҳамкорликнинг барча соҳаларда, шу жумладан ижтимоий-гуманитар йўналишларда фаол ривожланиб бораётганлиги таъкидланди.

Шу ўринда икки қардош давлат ўртасидаги илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий лойиҳалар сифатида олий ва мактаб таълими соҳаларида ҳамкорлик “йўл хариталари”ни имзолаш, таълим муассасалари ўртасида академик ва илмий алоқаларни фаоллаштириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувлари кенгайтириш, ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт тадбирларида ўзаро иштирокни таъминлаш, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ташкил этиш масалалари кўтарилди.

Учрашув якунида ўзбек-туркман муносабатларининг яхши қўшничилик ва стратегик шериклик моҳияти асосида ижтимоий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш