Берлинда “Асрларни боғлаган мерос: ўзбек миниатюра санъати” кўргазмаси ташкил этилди
Февраль 22, 2026. 13:30 • 3 дақ
• 82БЕРЛИН, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида мамлакатимиз элчихонаси ва “San’at – Forum” (San’at – Forum für Kunst, Kultur und Wissenschaft e.V.) маданий жамияти билан ҳамкорликда “Асрларни боғлаган мерос: ўзбек миниатюра санъати” номли кўргазма ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллик юбилейига бағишланди.
Кўргазма экспозициясидан Темурийлар даври анъаналари ва нозик ижро техникасини сақлаб қолган ҳолда яратилган замонавий ўзбек миниатюраси намуналари ўрин олган. Бу асарлар мумтоз мероснинг бугунги кундаги изчил давомийлигини ва бадиий тафаккурнинг янги қирраларини акс эттиради.
Унинг концептуал асосини Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой адабий мероси ташкил этади. Уларнинг XV асрдан буён Марказий Осиё миниатюра мактаби учун асосий илҳом манбаи бўлиб келаётган барҳаёт асарлари нафақат минтақа адабиётини шакллантирган, балки ахлоқий ғоялар, руҳият ва табиат уйғунлашган ўзига хос визуал образлар тизимига замин яратган.
Ушбу кўргазманинг марказий қисми Навоий ижодининг чўққиси бўлмиш “Хамса” достонларига бағишланган бўлиб, унда мусаввирлар тарихий ҳаттотлик ва китоб безак санъати анъаналарига таянган ҳолда, асарнинг фалсафий моҳиятини замонавий тасвирий тил орқали қайта талқин қилмоқда. Шунингдек, кўргазмада халқимизнинг миллий маданийликни ифодаловчи анъанавий чойхоналар, бозорлар ва улоқ ўйинлари акс этган маиший жанрдаги асарлар ҳам намойиш этилмоқда.
Тадбир доирасида “San’at – Forum” маданий жамият раҳбари Зуҳра Раҳматова томонидан меҳмонларга миниатюра техникаси, сюжет манбалари ва унинг бугунги кунда давомийлиги ҳақида маълумот берилди. Кўргазма йиғилганларда катта қизиқиш уйғотиб, намойиш этилган асарлар мамлакатимиз ўрта асрлар даври маънавий муҳити, сарой маданияти ҳамда китобхонлик анъаналарини ёрқин акс эттиргани билан иштирокчиларда тарихий мерос ва классик санъатга қизиқишни оширди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, ўзбек миниатюраси XIV–XVI асрларда, хусусан, Темурийлар Ренессанси даврида юксакликка кўтарилган. У Ғарб тасвирий санъатига хос истиқбол (перспектива) ва ҳажмдорлик (соя-ёруғ) тамойилларидан фарқ қилиб, рамзий макон ва шартли вақт тушунчаларига асосланади.
Ранг ва нақшлар шунчаки декоратив элемент эмас, балки ички маънавий мазмун ва эстетик тартибни ифодаловчи воситалардир.
Мазкур кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби устозлари -Авазбек Қодиров, Зилола Сулаймонова, Шоҳрух Бутаев, Сабрина Жонибекова ва истеъдодли шогирдлар Олим Омонов ва Ибрат Файзуллаев каби истеъдодли мусаввирларнинг ижод намуналари тақдим этилган. Ушбу асарларда “устоз-шогирд” анъаналарининг барҳаётлиги ва ҳар бир ижодкорнинг индивидуал услуби яққол кўзга ташланади. Ташкилотчи Зуҳра Раҳматованинг сўзларига кўра, у ушбу кўргазмада миниатюра санъатини адабиёт, тарих, ўтмиш фалсафаси ва бугунги кунни бирлаштирувчи жонли бадиий жараён сифатида дунёга тақдим этишни мақсад қилган.
Берлинда ташкил этилган ушбу кўргазма Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро майдонда тарғиб этишда катта аҳамият касб этади. Тадбир нафақат Темурийлар даври миниатюра мактабининг ноёб анъаналарини хорижлик томошабинларга таништиради, балки "устоз-шогирд" мактаби асосида шаклланган замонавий ўзбек мусаввирларининг юксак маҳоратини ҳам намойиш этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




