Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Март 11, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 61
ҚОҲИРА, 11 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси ташаббуси билан Мисрнинг “Daltex” корпорацияси ва мамлакатимиздаги “UzAgroStar” холдинги мутахассислари иштирокида онлайн учрашув ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Миср томонининг қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш ва сунъий идрок ёрдамида бошқариш борасидаги тажрибасини ўрганиш, Ўзбекистонга узум ва цитрус мевалар кўчатларини етказиб бериш, майиз ва қуруқ мевалар, олча ва гилос, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар ўз компаниялари, мавжуд лойиҳалари ва истиқболдаги режалари юзасидан тегишли тақдимотлар ўтказдилар. “Daltex” корпорацияси учрашувда кўтарилган барча масалаларда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, қишлоқ хўжалиги йўналишида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда амалий ёрдам беришини таъкидлади.
Узум ва цитрус мевалар кўчатлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари борасида ўзбек томони маҳаллий иқлим шароитлари, ер унумдорлиги, тупроқ анализи, сув захиралари ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этишга, Миср тарафи эса улар асосида юртимизда етиштириш мумкин бўлган ўзининг сифатли ва серҳосил мева-сабзавотлари навлари бўйича таклиф ва хулосаларини беришга келишиб олинди. Шунингдек, ўзаро ахборот алмашиш, ҳамкорликнинг кейинги босқичлари ва тафсилотларини муҳокама қилиш мақсадида қўшимча музокаралар олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси