Новосибирскда илк бор Ўзбекистон давлат консерваторияси кунлари бўлиб ўтди
Апрель 02, 2026. 16:40 • 2 дақ
• 57
НОВОСИБИРСК, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 31 март – 2 апрель кунлари Новосибирск давлат консерваториясида илк бор “Ўзбекистон давлат консерваторияси кунлари” ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан икки мамлакат етакчи мусиқий олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.
Дастур доирасида ўзбекистонлик тажрибали педагог ва мусиқачилар М.И.Глинка номидаги Новосибирск давлат консерваториясида маҳаллий ҳамда ушбу даргоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун маҳорат дарслари ва мавзуга оид маърузалар ўтказди. Ушбу ижодий мулоқотлар Сибир мусиқа жамоатчилиги орасида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирнинг энг ёрқин воқеаси икки консерватория мусиқачилари иштирокидаги тантанали гала-концерт бўлди. Концерт давомида немис бастакори И.С.Бахнинг икки ва уч клавир ҳамда оркестр учун ёзилган учта концерти ижро этилди. Новосибирск консерваториясининг Катта залини тўлдирган томошабинлар ўзбек ижрочилик мактаби вакилларининг маҳоратини давомли олқишлар билан кутиб олди.
Новосибирск консерваторияси раҳбариятининг таъкидлашича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Сайёра Ғафурова, доцент Феруза Муҳамедова ва халқаро танловлар ғолиби Ҳабиба Ғоибованинг чиқиши нафақат юксак индивидуал маҳоратни, балки Ўзбекистон мусиқа таълими тизимининг халқаро даражадаги нуфузини яна бир бор намойиш этди.
Мазкур ташрифни ташкил этишда “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан кўрсатилган амалий ёрдам ва тақдим этилган имтиёзлар делегация аъзолари учун қўшимча қулайликлар яратди. Бу каби тадбирлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси