Logo

Ўзбекистон делегацияси Будапештда "Қурултай" VIII туркий халқлар маданий-этнографик фестивалида иштирок этди

Август 12, 2024. 19:47 • 3 дақ

313
Ўзбекистон делегацияси Будапештда "Қурултай" VIII туркий халқлар маданий-этнографик фестивалида иштирок этди

БУДАПЕШТ, 12 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов бошчилигидаги мамлакатимиз делегация Венгрияда ўтказилган "Қурултай" VIII туркий халқлар маданий-этнографик фестивалида қатнашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестивалда, шунингдек, Венгрия Миллий Ассамблеяси, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, ТУРКПА ва бошқа ташкилотлар мутасаддилари ҳамда туркий халқлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон делегация томонидан ўтказилган музокаралар натижасида мамлакатимиз билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, Венгрияда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.

Фестиваль доирасида турли хил маданий тадбирлар, концерт дастурлари, икки ва кўп томонлама учрашувлар, спорт мусобақалари ташкил этилди.

Ўзбекистон санъат усталарининг чиқишлари, хусусан, миллий мақом қўшиқлари ва бахшилар термалари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Тадбир доирасида "Бухоро бозори" номли кўргазма ва Буюк ипак йўли карвон саройлари ташкил этилди. Уларда туркий халқларнинг ноёб экспозициялари тақдим этилди. Асосий стендда ўзбекистонлик ҳунармандлар ўзларининг энг яхши асарларини кўрсатишди.

Кўргазма меҳмонлари ўзбек миниатюра санъати намуналари, кулолчилик, ёғоч ва металлдан ясалган маҳсулотлар, заргарлик буюмлари, қўлда тикилган кашталар ва бошқа ўзбек амалий санъати асарларини томоша қилиш имконига эга бўлдилар.

Кўргазма давомида фестиваль иштирокчилари нафақат ноёб санъат асарларини кўришлари, балки уларни харид қилишлари учун ҳам имконият яратилди.

"Қурултай" доирасида таълим форуми ўтказилди. Унда таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди ва академик алмашинувлар, икки томонлама диплом бериш дастурлари, қўшма илмий лойиҳаларни ривожлантиришга эътибор қаратилди. Иштирокчилар фан, техника ва маданият соҳасида тажриба ҳамда билим алмашишга қаратилган янги таълим ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.

Умуман олганда, Ўзбекистон делегациясининг "Қурултай" фестивалида иштироки ўзбек-венгер халқлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади. Шунингдек, ушбу кенг қамровли маданий тадбирлар орқали Венгрия аҳолиси мамлакатимизнинг бой маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Кубаничбек Омуралиев, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби:

– Ушбу фестиваль барча туркий халқлар учун жуда муҳим. Венгрия ташкилотда кузатувчи давлат, аммо барчангизга маълумки, у бизнинг фаол ва муҳим стратегик ҳамкоримиз ҳисобланди. Венгрия, шунингдек, барча туркий мамлакатлар ва Европа ўртасидаги боғловчи кўприк ҳамдир.

Ўзбекистон бундай тадбирлар бўлиб ўтадиган фаол манзиллардан бири саналади. Мамлакатларимизнинг "Қурултай"да иштирок этиши жуда муҳим ва бу ташкилотдаги умумий ишимизга ҳам таъсир қилади.

Петер Хоппал, Венгриянинг ТДТга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили:

– Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дўстлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда ва бу ерда сизлар билан бирга эканлигимдан жуда хурсандман. "Қурултай"да нафақат Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчиси, балки маданият вазири ўринбосарининг иштирок этгани биз учун жуда муҳим.

Биз келгуси йилда Венгрияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказиш ва ҳамкорликда кўплаб маданий лойиҳалар ҳамда турли қўшма тадбирларни биргаликда ташкил этиш истиқболлари хусусида фикр алмашдик.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш