Лондонда ўзбекистонлик маҳоратли ижодкор Аброр Зуфаров иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди

Октябрь 18, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 201
Лондонда ўзбекистонлик маҳоратли ижодкор Аброр Зуфаров иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди
Лондонда ўзбекистонлик маҳоратли ижодкор Аброр Зуфаров иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди
Лондонда ўзбекистонлик маҳоратли ижодкор Аброр Зуфаров иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди

ЛОНДОН, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ҳамда Британиянинг “Maqām Beyond Nation” лойиҳаси ҳамкорлигида таниқли мақом хонандаси ва созанда Аброр Зуфаров иштирокида концерт дастури ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Лондон университетининг Шарқ ва Африкашунослик мактабида (SOAS) ташкил этилган тадбирда олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Тадбир аввалида ўзбек миллий мусиқаси ва мақом санъатининг тарихи, унинг илмий-назарий асослари, ижровий анъаналари ҳамда Шарқ мусиқий маданиятидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг Аброр Зуфаров томонидан ўзбек мумтоз мусиқасининг ноёб намуналари, мақом асарлари ва миллий чолғу асбоблари юксак маҳорат билан ижро этилди.

Шунингдек ўқинг

Концерт давомида SOAS университети профессори, этномусиқашунослик соҳасида катта тажрибага эга бўлган, Хитой ва Марказий Осиёнинг номоддий маданий меросини ўрганишга бағишланган кўплаб илмий ишлар муаллифи Рейчел Харрис мазкур санъат йўналишининг аҳамияти хусусида сўз юритди.

Мазкур тадбир халқаро маданий ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзбек миллий мусиқасини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

Учрашув якунида SOAS университети ва Ўзбекистон санъат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш