Бугун Ўзбекистонда XI Европа кинофестивали бошланади

Октябрь 23, 2026. 12:30 • 3 дақ

• 219
Бугун Ўзбекистонда XI Европа кинофестивали бошланади

ТОШКЕНТ, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистонда XI Европа кинофестивали ўз ишини бошлайди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Кеча Миллий кино санъати саройида жорий йилда Тошкент ва Урганч шаҳарларида ўтказиладиган XI Европа кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳар йили ўтказиладиган ушбу маданий тадбир Европа Иттифоқи делегацияси томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчихоналари, маданият муассасалари ва бошқа Европа мамлакатлари кўмагида ташкил этилади.

XI Европа кинофестивали дастуридан Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения режиссёрларининг 11 та самимий ҳикояси ўрин олган.

Фестиваль кунлари томошабинларга ҳужжатли фильмлардан тортиб психологик драмалар, анимация, биографик картиналар ва романтик ҳикояларгача бўлган турли жанрдаги фильмлар тақдим этилади.

2013 йилдан буён ташкил этиб келинаётган Европа кинофестивали кино ихлосмандлари орзиқиб кутадиган маданий тадбирлардан бирига айланган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг тўққизта ҳудудида Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг 120 дан ортиқ фильми намойиш этилди.

Шунингдек ўқинг

Европа кинематографиясининг хилма-хиллиги Навоий, Нукус, Шаҳрисабз, Фарғона, Жиззах, Бухоро ва бошқа шаҳарларда томошабинлар эътиборига ҳавола этилиб, доимо катта қизиқиш ва ижобий эътирофга сазовор бўлиб келмоқда.

Фестиваль дастури 23–25 октябрь кунлари Тошкентдаги Миллий кино санъати саройида (собиқ “Панорама”), шунингдек, 27 октябрь куни Урганчдаги Худойберган Девонов номидаги кинотеатрда намойиш этилади.

Фестиваль дастурини Франция ва Люксембург ҳамкорлигида 2024 йилда суратга олинган “Боғдаги қайиқ” (“Slocum et moi”) анимацион фильми очиб берди. Мазкур мультфильмга Жан-Франсуа Лажиони режиссёрлик қилган.

Ушбу асар “Cartoons on the Bay” фестивалида энг яхши деб топилиб, Пулчинелла мукофоти (Pulcinella Awards)ни қўлга киритган. Шунингдек, Анси халқаро анимацион фильмлар фестивали дастури ҳамда “Lyumer” миллий кино мукофотида энг яхши анимацион фильм номинациясига кўрсатилган.

Мультфильм воқеалари 1950-йилларнинг бошларида денгиз бўйидаги шаҳарлардан бирида кечади. Унда ёш Франсуа ота-онаси билан бирга ғайриоддий иш — оилавий боғда елканли кема қуриш билан банд бўлади. Ушбу лойиҳа бош қаҳрамонни болаликдан ўсмирликка ўтиш давридаги улкан орзулар ва ғояларга илҳомлантиради.

Фестиваль кунлари юртимиздаги Британия Кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) ва MOK HUB маданий маконида талабалар учун қисқа метражли фильмлар туркуми ҳам тақдим этилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш