Беларусь делегацияси Самарқандда янги шартномалар ва қўшма лойиҳалар устида ишламоқда
Октябрь 23, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 75
МИНСК, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Гродно вилояти ижроия қўмитаси раиси Юрий Караев бошчилигидаги делегация Самарқанд вилоятига ташриф буюрди деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташриф олий даражадаги келишувлар ижроси доирасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда шерикликнинг янги йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.
Гродно вилояти делегацияси таркибидан “Гродноинвест” эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти, ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда гўшт-сут ва ёғочсозлик саноатига ихтисослашган бир қатор етакчи корхоналар вакиллари жой олди.
Дастур доирасида беларуслик меҳмонлар Самарқанд вилоятининг йирик ишлаб чиқариш қувватлари ва иқтисодий салоҳияти билан яқиндан танишди. Хусусан, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси маъмурияти билан учрашув ўтказилиб, унда саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари ҳудуддаги маиший техника, металл маҳсулотлари, тўқимачилик ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар фаолиятини кўздан кечирди. Улар орасида музлаткич ва газ плиталари ишлаб чиқарувчи “Sam Ferre” корхонаси, кунига 100 тоннадан ортиқ сутни қайта ишловчи “Pure Milk” компанияси ҳамда Марказий Осиёдаги етакчи гилам ишлаб чиқарувчилардан бири – “SAG” корхонаси бор.
Музокаралар давомида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда илм-фан ва таълим соҳасидаги шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонлар Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига ташриф буюриб, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий изланишларни йўлга қўйиш имкониятини ўрганди.
Ташриф давомида томонлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, янги тижорат шартномалари ва иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Гродно вилоятининг МДҲ давлатлари орасидаги йирик учта савдо ҳамкорларидан бири саналади. Жорий йилнинг июль ойида Гродно ва Андижон вилоятлари ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик “Йўл харитаси” имзоланган эди. Навбатдаги ушбу ҳудудлараро мулоқот Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шерикликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси