Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеясида Ўзбекистон Олий Мажлисининг ташкилот фаолиятидаги роли юқори баҳоланди
Октябрь 06, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 85АРУША, 6 октябрь. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси 5 октябрь куни Танзаниянинг Аруша шаҳрида ўз ишини бошлаган Парламентлараро иттифоқнинг (PI) 153-Ассамблеясида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламентимиз юқори палатаси маълумотига кўра, Аруша халқаро анжуманлар марказида Ассамблеянинг бўлиб ўтган расмий очилиши маросимида Танзания Президенти Самия Сулуху Ҳассан иштирокчиларга табрик йўллади. Унда парламентларнинг халқ манфаатларини ифода этишдаги муҳим ўрни, парламент аъзолари зиммасидаги ишончни оқлаш, миллий ва халқаро миқёсда долзарб ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда Парламентлараро иттифоқ бош котиби Анда Филип ҳам сўзга чиқиб, сиёсий қарашлардаги фарқларга қарамай, парламентлар ўртасида мулоқотни таъминлаш йўлида мавжуд тўсиқларни енгиб ўтиш муҳим эканини қайд этди.
Ассамблеясининг расмий очилиши маросимида ПИ раҳбарияти Ўзбекистон Олий Мажлисининг ташкилот фаолиятидаги фаол иштироки ва халқаро парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.
Хусусан, 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, шунингдек, 2026 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ташкилотнинг Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференцияси юқори савияда ташкил этилгани алоҳида эътироф этилди.
Қайд этилганидек, мазкур нуфузли тадбирларнинг Ўзбекистонда муваффақиятли ўтказилгани мамлакатимизнинг халқаро парламент дипломатиясини ривожлантириш, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ташаббуслари юксак баҳоланганидан дарак беради.
Эслатиб ўтамиз, Ассамблея доирасида Парламентлараро иттифоқнинг барча устав органлари, жумладан, Бошқарув кенгаши, доимий қўмиталар, Парламент аъзоларининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Яқин Шарқ масалалари бўйича қўмита, шунингдек, Аёл парламент аъзолари форуми ва Ёш парламент аъзолари форумининг йиғилишлари ўтказилади.
Шунингдек, Ассамблея якунида Умумий дебатларнинг бош мавзуси бўйича якуний ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




