“World News Pakistan”: Ўзбекистоннинг ТДТдаги ёндашуви аниқ механизмлар ва лойиҳалар орқали иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган
Октябрь 06, 2026. 18:49 • 2 дақ
• 60
ИСЛОМОБОД, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг нуфузли “World News Pakistan” электрон нашрида Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги иқтисодий интеграция жараёнларидаги фаол иштироки ва стратегик ташаббусларига бағишланган мақолаэълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ўзаро савдо айланмаси 2025 йилда 10,8 миллиард долларга етган. Бу кўрсаткич туркий маконда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини яққол намоён этади. Муаллиф Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги ёндашуви иқтисодий шерикликни аниқ механизмлар ва амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлашга қаратилганига алоҳида эътибор қаратган.
Жумладан, Ўзбекистон Президенти томонидан Туркий давлатларнинг Иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклиф қилингани таъкидланган. “Бундай механизм иқтисодий ташаббусларни муҳокама қилишдан уларни тизимли равишда тайёрлаш ва амалга ошириш босқичига ўтишга хизмат қилиши мумкин”, — деб ёзади нашр. Шунингдек, Туркий давлатлар Саноат альянсини ташкил этиш ташаббуси ҳам муҳим қадам сифатида қайд этилган.
Мақолада транспорт-логистика масалаларига ҳам кенг ўрин берилган. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун янги транспорт коридорлари ташқи савдо рақобатбардошлигининг асосий омили ҳисобланади. Хусусан, Ўрта коридорнинг ривожланиши, уни қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли билан боғланиши ҳамда келгусида Трансафғон йўлаги билан туташиши Марказий Осиёни Шарқий ва Жанубий Осиё, Кавказ, Туркия ҳамда Европа бозорларини боғловчи йирик транспорт чорраҳасига айлантириши урғуланган.
Шунингдек, Туркий инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани, Ўзбекистон бу жараёнда ушбу жамғарма имкониятларини бошқа халқаро молия институтлари ресурслари билан уйғунлаштирган ҳолда йирик инфратузилма, саноат, энергетика ва “яшил” лойиҳаларни молиялаштириш тарафдори экани билдирилган.
Мақола сўнггида Ўзбекистон томонидан сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш ва “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилгани юқори баҳоланган. Бу ташаббус минтақадаги дата-марказларни юқори тезликдаги алоқа каналлари орқали ўзаро боғлаб, мамлакатимизнинг келажакда нафақат транспорт, балки рақамли транзит ва маълумотлар алмашинуви маркази сифатидаги ролини сезиларли даражада кучайтириши қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси