Logo

Франкфуртдаги Халқаро китоб кўргазма – ярмаркасида Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашди

Октябрь 22, 2025. 19:19 • 56 сония

74
Франкфуртдаги Халқаро китоб кўргазма – ярмаркасида Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг Франкфурт шаҳрида 19-21 октябрь кунлари бўлиб ўтган "Frankfurter Buchmesse" халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида Ўзбекистон стенди намойиш этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу нуфузли тадбир дунёдаги энг йирик ва энг муҳим халқаро китоб ярмаркаларидан бири ҳисобланади. 1949 йилдан бери у муаллифлар, ноширлар, матбаачилар, китоб савдоси ташкилотлари, адабий идоралар ва китобсеварларни бир жойга — Франкфуртда тўпламоқда.

Бу йилги ярмаркада дунёнинг 92 дан ортиқ давлати иштирок этди. Ўзбекистон делегациясининг иштироки юртимиз ноширлари ва Китоб савдоси миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон стендидан "Oʻzbekiston", "Yangi asr avlodi", "Credoprint", "Asian Book House", "Global Books", "Yoshlar Matbuoti", "Dunyo Nashr", "Kitob Sayyorasi", "Mitti Olam", "Sahhof" ноширлик корхоналари ва "Oʻzdavkitobsavdo" ташкилоти босма маҳсулотлари ўрин олди.

Ўзбекистон ноширлик корхоналари ва муаллифлари нафақат замонавий адабиётларни намойиш этди, балки хорижий нашриёт ва муаллифлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бирқатор музокаралар ўтказди.

 Натижада, Ўзбекистон ноширлари йирик хорижий компаниялар билан машҳур чет эл муаллифларининг сара асарларини ўзбек тилида нашр этиш, шунингдек, хорижий мамлакатларда ўзбек адабиёти вакилларининг китобларини нашр этиш бўйича шартномалар имзоладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш