Logo

Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи корейс тилига таржима қилинди

Июль 07, 2025. 16:14 • 4 дақ

190
Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи корейс тилига таржима қилинди

СЕУЛ, 7 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи корейс тилига таржима қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Асар таржимаси Кэмёнг университети профессори Ким Чунг Сун томонидан амалга оширилди.

Китобни таржима қилиш ва уни нашр этиш жараёни қарийб 2,5 йил давом этди. Бу вақт мобайнида роман таржимаси мукаммал чиқиши учун таржимон томонидан кўплаб изланишлар олиб борди. Хусусан, таржимани корейс китобхонларига янада тушунарли ва қизиқарли етказиш мақсадида профессор Ким Чунг Сун 21-31 март кунлари Ўзбекистонда бўлди. Сафар давомида Абдулла Қодирий уй-музейи ҳамда асар воқеалари бўлиб ўтган шаҳарлар – Тошкент, Марғилон, Қўқон, Фарғонада қатор учрашувлар ўтказди. Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари билан таржима жараёни юзасидан фикр алмашди.

Жанубий Кореялик таржимон, шунингдек, Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий билан учрашиб, адиб ҳақида ва умуман "Ўткан кунлар" асарининг яратилиши ҳақида кўплаб маълумотлар олди ва уларни таржимани янада бойитишда фойдаланди.

Сеул шаҳрида китоб тақдимотига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбирда Жанубий Корея парламенти ва ҳукумати, вазирлик ва идоралари, оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда фаол ватандошлар иштирок этди.

Китоб тақдимотида сўзга чиққанлар "Ўткан кунлар" асарининг корейс тилига таржима қилинишининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, ушбу иш нафақат адабий нуқтаи назардан, балки маданий ва маънавий жиҳатдан ҳам беқиёс қадам эканини алоҳида таъкидладилар. Улар асар таржимаси орқали корейс ўқувчилари ўзбек халқининг бой тарихи, қалб кечинмалари, миллий ўзлик ва қадриятларини чуқур ҳис эта олишини қайд этдилар.

Айниқса, Абдулла Қодирийнинг реалистик услуби, образлар орқали жамиятнинг мураккаб муаммоларини очиб бериши, инсон тақдири ва муҳаббат, ватанпарварлик каби абадий мавзуларга ёндошуви ҳар қандай халқ учун тушунарли ва таъсирли бўлиши таъкидланди.

Иштирокчилар бу каби адабий таржималар дунё халқлари ўртасидаги ўзаро тушуниш, маданий мулоқот ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирдилар. Шунингдек, бундай лойиҳалар икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши, адабиёт орқали инсоний қадриятлар ва умумбашарий ғояларни кенг тарғиб этиши қайд этилди.

Хусусан, асар таржимони Кэмёнг университети профессори Ким Чунг Сун ўз чиқишида "Ўткан кунлар" романини нафақат тил нуқтаи назаридан, балки қалбан ва руҳан ҳис қилган ҳолда таржима қилганини, ушбу таржима унинг ўзбек халқига, унинг бой адабий мероси ва маданий қадриятларига бўлган юксак эҳтиромининг ифодаси эканлигини таъкидлади. "Бундай мураккаб ва маънан бой асарни оддий сўзма-сўз таржима қилиш етарли эмас. Романнинг фалсафий юкини, қаҳрамонлар ҳис-туйғуси, ҳаёт тарзи ва маданий муҳитини чуқур англаш таржима учун жуда муҳим. Шу боис шундай мазмунни тўлиқ ҳис қилиш мақсадида Ўзбекистонга сафар уюштириб, Абдулла Қодирий тасвирлаган муҳитни ўз кўзим билан кўриш ва уни ҳис қилиш имкониятига эга бўлдим. "Ўткан кунлар" фақат севги ҳақида эмас, балки жамиятдаги тарихий ўзгаришлар, сиёсий мураккабликлар, миллат тақдири ва инсоний қадриятлар ҳақидадир. Шу маънода, роман нафақат ўзбек адабиётининг дурдона асари, балки жаҳон адабиётининг муҳим намуналаридан бири ҳисобланади", деди у.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг элчиси Алишер Абдусаломов Кемёнг университети профессорига ушбу таржимани амалга оширишдаги беқиёс меҳнати ва фидокорона саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди. Элчи ўз нутқида, мазкур тадбир фақатгина бир китобнинг таржимаси ва намойиши билан чекланиб қолмасдан, балки Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва умумий маданий қадриятларнинг ёрқин рамзига айланганини таъкидлади. Шу маънода, тақдимот маросими икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим маданий воқелик сифатида алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Шунингдек, дипломат кореялик ўқувчилар "Ўткан кунлар" асарини мутолаа этар экан, ўзбек халқи тарихига, миллий руҳига, маданий мероси ва замонавий тараққиёт йўлига нисбатан янада чуқурроқ ва самимий қизиқиш уйғонишига умид билдирди.

Корея Республикаси парламентининг Маданият, спорт ва туризм қўмитаси раиси, "Корея-Ўзбекистон" парламентлараро дўстлик жамияти раиси Ким Кё Хун ўзбек халқининг машҳур бадиий асарларидан бирини корейс тилига таржима қилиб, нашр этиш фақатгина адабий алоқаларни эмас, балки халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус орқали икки миллат вакиллари бир-бирининг тарихий мероси, маънавий қадриятлари ва ҳаёт тарзига яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.

Тақдимот маросими Жанубий Корея матбуотида кенг ёритилди. "Ўткан кунлар" асарининг корейс тилидаги таржимаси Сеулда бўлиб ўтаётган йирик халқаро китоб ярмаркасида ҳам намойиш этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш