Logo

Жанубий Кореяда Рамазон шукуҳи: Ўзбекистон элчихонаси Чонгжуда ифторлик ташкил этди

Февраль 28, 2026. 17:43 • 2 дақ

40
Жанубий Кореяда Рамазон шукуҳи: Ўзбекистон элчихонаси Чонгжуда ифторлик ташкил этди

Жанубий Корея, Чонгжу, 28 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида жорий йил 28 февраль куни мамлакатимиз Сеулдаги Элчихонаси ташаббуси билан Жанубий Кореянинг йирик шаҳарларидан бири — Чонгжу шаҳрида ватандошларимиз учун ифторлик дастурхони ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

100 нафардан ортиқ юртдошларимиз иштирок этган ҳамда «Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида ўтказилган мазкур тадбир «Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси», Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Кореядаги ваколатхонаси ҳамда «Чонгжу Ислом маркази» фаоллари билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов ифторлик дастурхонини очар экан, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистондан ташриф буюрган диний соҳа вакили — Наманган вилоятидаги «Мулла Абдуқодир охунд» масжиди имом-хатиби Музаффар Ибрагимов иштирок этди. У ўз маърузасида Рамазон ойини муносиб тарзда нишонлаш, ифторликларни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш, Ислом динининг инсонпарварлик, меҳр-мурувват, саховат ва шукроналик ғояларини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Имом-хатиб ушбу муқаддас ойда юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишларга алоҳида эътибор қаратиб, эҳтиёжманд оилалар ҳамда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган юксак эътиборни қайд этди.

Ифтор тадбири юксак ташкилий савияда ва байрамона руҳда ўтказилди. У ватандошларимиз қалбида Чонгжу шаҳрида ҳам Ўзбекистоннинг меҳр-мурувват ва бирдамлик руҳи сингдирилганлигини яққол ҳис эттирди. Тадбирда иштирок этган юртдошларимиз ўз фикрларида Рамазон кунларида уларнинг Ўзбекистон ҳукумати ва бутун халқининг самимий эътибори ва ғамхўрлиги остида эканликларини алоҳида мамнуният билан таъкидладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Shahzoda Kuchkarova

shahzoda@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш