Logo

Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро алоқалари кенгайтирилмоқда

Февраль 28, 2026. 16:33 • 2 дақ

37
Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро алоқалари кенгайтирилмоқда
Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро алоқалари кенгайтирилмоқда
Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро алоқалари кенгайтирилмоқда
Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро алоқалари кенгайтирилмоқда
Ўзбекистон-Польша ҳудудлараро алоқалари кенгайтирилмоқда

ВРОЦЛАВ, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Польшанинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири — Қуйи Силезия воеводалигида хизмат сафарида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида Қуйи Силезия маршали ўринбосари Михал Радо ва Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Мулоқот чоғида польшалик ҳамкорларга Қашқадарё вилоятининг энергетика, кимё саноати, қурилиш материаллари ва тўқимачилик соҳаларидаги юқори салоҳияти тақдим этилди. Таъкидлаш жоизки, Қуйи Силезия Польшанинг муҳим саноат ва IT маркази бўлиб, унинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 80 миллиард долларни ташкил этади.

Икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни тизимли давом эттириш мақсадида жорий йилнинг март ойида тадбиркорлар иштирокида онлайн-мулоқот ўтказиш ва сентябрь ойида Қуйи Силезия маршали Павел Гансажнинг Қашқадарёга жавоб ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Вроцлав шаҳрида ўтказилган ўзбек-поляк бизнес-форумида “Maxitrade Sp. z.o.o.” компанияси Қашқадарё тадбиркорлари билан ҳамкорликда Польшада Савдо уйини очишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, “EnHive”компанияси воҳа экспортчиларига Европа бозорларига чиқишда кўмаклашиш истагини маълум қилди.

Ташрифнинг амалий натижаси сифатида, Қашқадарёнинг “Jaxs metal master” МЧЖ ва Польшанинг “Soda Pluss”компаниялари ўртасида Ўзбекистонда гастрономия жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди. Польшалик мутахассислар апрель-май ойларида лойиҳани якуний босқичга олиб чиқиш учун Қашқадарёга ташриф буюрадилар.

Бундан ташқари, польшалик ишбилармонлар жорий йил июнь ойида бўлиб ўтадиган V-Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳудудлараро алоқаларни янги, амалий босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш