Logo

Сеул ва Кванджу шаҳарларида Ўзбекистон ва Жанубий Корея маданий алмашинув йили доирасида йирик тадбирлар ўтказилди

Октябрь 10, 2025. 18:56 • 2 дақ

129
Сеул ва Кванджу шаҳарларида Ўзбекистон ва Жанубий Корея маданий алмашинув йили доирасида йирик тадбирлар ўтказилди

СЕУЛ, 10 октябрь. /Дунё" АА/. Жорий йилнинг 30 сентябрь – 10 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул ва Кванджу шаҳарларида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий алмашинув йили ҳамда "Корея – Марказий Осиё" маданий ҳамкорлик тадбирлари доирасида қатор йирик маданий лойиҳалар амалга оширилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур муҳим воқеани нишонлаш мақсадида Ўзбекистоннинг элчихонаси, Жанубий Корея Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллий Осиё маданият маркази (ACC) ҳамда Корея-Марказий Осиё ҳамкорлик форуми (KF) котибияти билан ҳамкорликда "Маданий уйғунлик – 2025: Корея Марказий Осиё билан учрашади" мавзусида халқаро маданий тадбирлар ташкил этилди.

Тадбирларда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам фаол иштирок этди. Хусусан, юртимиздаги "МАРУ" бренди асосчиси ва дизайнери Марҳамат Умарова Сеул ва Кванджуда ўтказилган мода намойишларида иштирок этди ҳамда миллий матолар тарихи, уларнинг келиб чиқиши ва замонавий талқини ҳақида тақдимот ўтказди.

У ўз ишлари орқали Ўзбекистоннинг қадимий ипакчилик анъаналарини ва Буюк Ипак йўлининг маданий меросини намоён этди. Марҳамат Умарованинг ушбу тадбирдаги иштироки нафақат миллий модани халқаро саҳнада тарғиб қилди, балки матоларнинг тарихий манбалари, уларнинг замонавий қўлланилиши ва барқарор ечимлари юзасидаги муҳокамаларга ҳам туртки берди.

Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилоят бўлими санъаткорлари Сеул ва Кванджуда ўтказилган маданий кечаларда миллий мусиқа ва рақс санъати намуналарини тақдим этди. Ўзбекистон санъат усталари томонидан Қашқар ва Бухоро рубоблари, доира, най, уд, занг, қайроқ каби анъанавий чолғу асбобларида ижро этилган фольклор қўшиқ ва рақслари барчага хуш кайфият улашди.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш