Logo

Тошкентда "Ўзбекистон – Покистон: муштарак маданий мерос" фотокўргазмаси бўлиб ўтди

Август 21, 2025. 14:36 • 2 дақ

60
Тошкентда "Ўзбекистон – Покистон: муштарак маданий мерос" фотокўргазмаси бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 21 август. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 14-15 август кунлари Тошкент Фотосуратлар уйида "Ўзбекистон-Покистон: муштарак маданий мерос" фотокўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Фотокўргазма мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Покистон Миллий санъат кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик маданий ва маънавий алоқаларни ёритувчи ноёб фотосуратлар – исломий меъморчилик дурдоналари, қўлёзмалар, қадимий шаҳарлар манзаралари ва буюк алломалар илмий меросини акс эттирган суратлар намойиш этилди.

Тадбирнинг очилиш маросими 14 август – Покистон мустақиллигининг 78 йиллиги кунида ўтказилди. Маросимда Покистон элчиси Аҳмед Фаруқ, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбарияти, маданият ва санъат намоёндалари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, муштарак тарихий ва маданий меросларни, миллий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшлар орасида уларга қизиқишни ошириш ушбу тадбирнинг асосий мақсади сифатида белгиланди.

Покистон элчиси Аҳмед Фаруқ ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган мустаҳкам алоқалар мавжудлигини, халқларимизни тарихий ва маданий ришталар боғлаб туришини таъкидлаб, урду ва ўзбек тилларида 4 мингга яқин умумий сўзлар борлиги бунинг яққол намунаси эканлигини қайд этди.

– Миллий либосларимиз, архитектура намуналари ва қадриятларимизга назар ташласангиз, бу каби ўхшашликларга гувоҳ бўласиз, – деди элчи Аҳмед Фаруқ. – Бугунги анжуман нафақат бизнинг умумий тарихий ва маданий меросимизни намоён этмоқда, балки келгуси авлодлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Масалан, Лаҳор қалъаси ва Бухоро Аркини олайлик – иккаласи ҳам меъморчилик санъатининг юксак намуналари, дейиш мумкин. Таъкидлаганимдек, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар чуқур илдизларга эга ва ушбу кўргазма муносабатларимизнинг гўзал ифодаси бўлди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ўз нутқида қуйидаги фикрларни билдирди: "Ушбу асарларга қараб туриб, уларнинг ҳар бирида катта меъмор, санъаткор, халқ амалий санъати намояндаларининг маънавий меросини кўриш мумкин. Маданий бойликларимиздаги, меъморий обидаларимиздаги ўхшашликни кўриб, санъат йўналишидаги ҳамкорлигимиз узоқ тарихга бориб тақалишини англаш мумкин. Бобурийлар даврида эса маданий алоқаларимиз янги босқичга кўтарилган. Бугунги кўргазма Покистонни янада яхшироқ англаш, чуқурроқ ўрганишга имкон беради, сўнгги йилларда барча жабҳаларда жадаллашган муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади".

"Ўзбекистон – Покистон: муштарак маданий мерос" фотокўргазмаси икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш