Покистонда Ўзбекистон туризм кунлари ўтказилади

Август 27, 2026. 10:30 • 2 дақ

7
Покистонда Ўзбекистон туризм кунлари ўтказилади
Покистонда Ўзбекистон туризм кунлари ўтказилади
Покистонда Ўзбекистон туризм кунлари ўтказилади

ИСЛОМОБОД, 27 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Покистон пойтахтида Ўзбекистон туризм кунлари бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан ўтказиладиган мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор сайёҳлик салоҳияти, миллий анъаналари ва замонавий тараққиётини Покистон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган.

“Ўзбекистон туризм кунлари” дастуридан қатор роуд-шоулар, тақдимотлар, ўзбек санъат усталари иштирокида концерт дастурлари, шунингдек, маънавий-маърифий, маданий ва тарғибот тадбирлари ўрин олган.

29 август куни Покистон Миллий санъат кенгаши галереясида “Ўзбекистон–Покистон: дўстлик ва биродарлик наволари” номли байрам концерти ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур маданий тадбир икки халқни азалдан бир-бирига боғлаб келаётган муштарак тарих, умумий маънавий қадриятлар, дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

30 август куни Исломобод шаҳридаги “Centaurus Mall Islamabad” савдо-кўнгилочар мажмуасида Ўзбекистоннинг миллий маданияти, урф-одат ва анъаналари ҳамда байрамона руҳини кенг жамоатчиликка намоён этувчи флешмоб ўтказилади.

Шунингдек ўқинг

Ушбу тадбир орқали пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига мамлакатимизнинг замонавий қиёфаси, миллий либослари ва маданий жозибаси яқиндан таништирилади.

31 август куни эса Покистон пойтахтидаги “Marriott” меҳмонхонасида “Ўзбекистон: тарих ва келажак учрашган нуқта” мавзусида кенг қамровли роуд-шоу ташкил этилади.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти, қадимий ва навқирон шаҳарлари, ноёб тарихий-меъморий обидалари, бетакрор табиати, замонавий туризм инфратузилмаси ҳамда халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари кенг намойиш этилади.

Роуд-шоу давомида Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасини Покистонда тарғиб қилиш ва икки мамлакат ўртасидаги туризм алоқаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган сайёҳлик агентликлари, туркомпаниялар ва ҳамкор ташкилотлар вакилларини “Ўзбекистон туризм мукофоти” билан тақдирлаш маросими ўтказилади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган асосий байрам тадбири ҳамда тантанали қабул маросими 1 сентябрь куни Исломобод шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш