Сергей Афонцев: Янги Ўзбекистон шаклланаётган дунё тартиботининг талаблари билан юзага келган кўплаб вазифаларни муваффақиятли ҳал қилди
Август 27, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 93
МОСКВА, 27 август. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти директори ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори Сергей Афонцев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Собиқ СССР ҳудудидаги давлатлар мустақилликка эришгани сўнг кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг айримлари объектив ижобий хусусиятга эга бўлса, бошқалари жиддий хавотир уйғотмай қўймайди.
Замонавий жаҳон сиёсатининг энг ачинарли ҳақиқати шундаки, ўз стратегик устуворликлари ва халқларининг интилишларига таяниб, миллий манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр ва қодир давлатлар тобора камайиб бормоқда. Мен бу йил мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон шундай қила оладиган ва бунга тайёр мамлакатлар қаторида эканидан чин дилдан мамнунман.
Мустақилликка эришгач, Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий соҳаларда жиддий синовларга дуч келди. Мамлакат халқи ва давлат раҳбариятининг оқилона сиёсий танлови бу қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам берди. Мустақилликнинг илк ўн йилликларидаги оғир синовлардан ўтган мамлакат янги кун тартиби, янги ғоялар ва янги кадрлар салоҳияти билан тараққиётнинг навбатдаги босқичига чиқишга ўзида куч топа олди.
Янги, мустақил Ўзбекистон янги шаклланаётган дунё тартиботи талаблари билан юзага келган кўплаб вазифаларни муваффақиятли ҳал қилди. Қўшни мамлакатлар билан асосий ҳудудий муаммолар тартибга солинди. Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари шакллантирилди. Мустақил, миллий манфаатларга йўғрилган ташқи сиёсат юритиш имконини берувчи халқаро мавқенинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойидан буён Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЁИИ) кузатувчи давлат мақомига эга бўлиб, ЁИИга тўлақонли аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик афзалликларини холисона баҳолаш имкониятини қўлга киритди.
Мамлакат раҳбарияти Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида логистика алоқаларининг янги тизимини шакллантириш салоҳиятига эга бўлган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ялпи ички маҳсулотнинг реал ҳисобдаги йиллик ўсиш суръати 7 фоиздан ошди.
Бу – Ўзбекистон халқининг миллий манфаатларидан воз кечишга қаратилган ташқи босимларга қарамай, мамлакат раҳбариятининг узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилувчи ишончли шериклар билан иқтисодий алоқаларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган миллий йўналтирилган стратегиясининг яққол самарасидир.
Гап, аввало, Ўзбекистон билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликдан, мамлакатларимизнинг ўзаро боғлиқ иқтисодий манфаатларини тушуниш ва ҳисобга олишдан доимо манфаатдор бўлган Россия билан ҳамкорликни сақлаш ва ривожлантириш хусусида бормоқда.
Олий таълим муассасамиз ва ўзим номидан Ўзбекистон халқини давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин дилдан табриклайман. Мамлакатларимиз вакиллари ўртасидаги шериклик, дўстона ва кўплаб оилалардаги қариндошлик ришталари халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилсин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси