Ўзбекистоннинг маданияти Нью-Йоркдаги халқаро фестивалда намойиш қилинди
Июнь 07, 2026. 12:29 • 2 дақ
• 64НЬЮ-ЙОРК, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Нью-Йоркнинг Бруклин туманидаги “Oceana Theater” театрида миллий ва диаспора жамоалари вакилларини бирлаштирган “Silk Road Festival NYC 2026” халқаро маданият фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва тарихан Буюк ипак йўли билан боғлиқ бўлган жами 14 мамлакат вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси фаол ҳамкори ҳисобланган “World Network NY” сайёҳлик компанияси томонидан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган кўргазма ва тақдимот ташкил этилди.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, унинг тарихий шаҳарлари, маданий мерос объектлари, миллий анъаналари ва замонавий йўналишлари ҳақидаги видеоматериаллар намойиш этилди. Театр экранида Самарқанд, Бухоро, Хива ва республиканинг бошқа сайёҳлик марказларига бағишланган роликлар эфирга узатилди.
Маданий дастур доирасида Нью-Йоркдаги ўзбек рақс гуруҳи ҳам чиқиш қилиб, миллий хореографик рақсларни тақдим этди. Жамоанинг чиқиши томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди ва юртимиз маданий меросини янада тарғиб қилишга ҳисса қўшди.
Мазкур тадбир гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини ошириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


