Ўзбекистонлик санъаткорлар Берлиндаги халқаро мусиқа фестивалида қатнашди

Сентябрь 05, 2026. 12:30 • 2 дақ

228
Ўзбекистонлик санъаткорлар Берлиндаги халқаро мусиқа фестивалида қатнашди

БЕРЛИН, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Берлин шаҳрида ўтказилган “Pop-Kultur” халқаро мусиқа фестивалида ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Фестиваль дастуридан концертлар, ижодий учрашувлар ва турли мусиқий тадбирлар ўрин олди. Гёте институти кўмагида иштирок этган юртимиз ижодкорлари Сайёра Мусаева ва Лайло Рихсиева ўз ижод намуналарини намойиш этди.

Ўзбекистонлик санъаткорларнинг чиқишлари “Sonic Crossings” дастури доирасида ўтказилди. Ҳамюртларимизнинг фестивалдаги иштироки “Pop-Kultur” фестивалининг расмий www.pop-kultur.berlin  интернет саҳифасида кенг ёритилди.

Сайёра Мусаеванинг замонавий поп, фольклор ва миллий мусиқа уйғунлашган ижод намуналари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Концерт давомида унинг 2025 йилда яратилган “Янги тонг” альбомидан қатор композициялар ижро этилди. Ушбу асарларда замонавий мусиқа оҳанглари миллий мусиқа элементлари билан уйғунлашгани алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Лайло Рихсиеванинг репертуаридан ўрин олган “Home”, “Simple”, “Cry” каби композициялар ҳам фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларига манзур бўлди. Санъаткор ўзбек мақом санъати намояндаларидан бири, таниқли бастакор ва хонанда Юнус Ражабий авлоди вакили ҳисобланади.

Лайло Рихсиеванинг ижоди замонавий мусиқий йўналишлар билан бир қаторда миллий мусиқа анъаналари билан ҳам уйғунлашган. Унинг қўшиқларида инсоннинг ички кечинмалари, ҳис-туйғулари, шахсий изланишлари ва ҳаётда ўз ўрнини топиш каби мавзулар ўз аксини топган.

Ўзбекистонлик ижодкорларнинг “Pop-Kultur” халқаро фестивалида иштирок этиши Европа мусиқа майдонида мамлакатимизнинг замонавий санъати ва миллий анъаналарни кенг тарғиб қилиш ҳамда халқаро аудиторияга таништиришда муҳим аҳамият касб этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш