Logo

Мисрда бўлиб ўтган "Исмоилия халқаро фольклор фестивали"да ўзбек мақом санъати намойиш қилинди

Ноябрь 03, 2025. 14:03 • 2 дақ

151
Мисрда бўлиб ўтган "Исмоилия халқаро фольклор фестивали"да ўзбек мақом санъати намойиш қилинди

ҚОҲИРА, 3 ноябрь. /"Дунё" АА/. 2025 йил 24–30 октябрь кунлари Ўзбекистон Миллий мақом санъати маркази Жиззах бўлими ижодий гуруҳи Мисрнинг Исмоилия шаҳрида бўлиб ўтган "Ismailia International Folklore Arts Festival"да иштироки билан халқаро маданий майдонда юксак илҳом уйғотди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестивалда Европа, Осиё, Африка ва араб давлатларидан, жумладан Польша, Руминия, Гвинея, Иордания, Фаластин, Ливан, Жазоир, Шри-Ланка ва Ҳиндистондан келган 25 дан ортиқ ижодий гуруҳ ўз миллий ва анъанавий санъат дастурларини намойиш этди. Бу халқаро тадбир миллий маданиятларнинг турфа хиллигини кўрсатиш ва ижодий тажриба алмашиш учун муҳим платформага айланди.

Ҳафта давомида маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонлар Исмоилиянинг Шайх Зайд боғи, Рим театри, Оила клуби ҳамда бошқа очиқ ва ёпиқ саҳналардаги чиқишларга эркин ташриф буюриб, ҳар бир ижодий гуруҳнинг маҳорати ва миллий характерини баҳолади. Ўзбек ижодкорларининг дутор ва доира садоларига асосланган классик мақом ижролари, миллий либослардаги саҳна чиқишлари ва маҳорати томошабинлар томонидан энг юқори баҳога сазовор топилди.

Исмоилия вилояти губернатори Акрам Мохаммед Галал Ўзбекистон ижодий гуруҳи ва Элчихонаси вакиллари билан суҳбатда, "Ўзбекистоннинг миллий мусиқаси ва анъанавий санъатининг таъсирли ижролари жамоада ва томошабинларда катта ҳаяжон уйғотди. Бу каби тадбирлар маданий дипломатиядаги муҳим восита бўлиб, халқлараро дўстликни мустаҳкамлайди", деб таъкидлади ва Ўзбекистон санъаткорларини фестивалда доимий иштирок этишга таклиф қилди.

Тадбир давомида томонлар шу каби халқаро платформа орқали: миллий маданиятни кенг тарғиб қилиш; ёш ижодкорларнинг маҳоратини ривожлантириш; тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш; халқаро фестиваль ва семинарларда қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш имкониятлари яратиш кабиларнинг аҳамиятини қайд этишди.

Бу ташаббуслар орқали Ўзбекистон Мақом санъати нафақат анъанавий қадриятларини сақлаб қолмоқда, балки унинг халқаро майдондаги обрўси ва шу соҳадаги ижодий салоҳияти янги босқичга кўтарилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш