Дубайда ўзбек рассомлари кўргазмаси очилди
Апрель 30, 2025. 14:50 • 2 дақ
• 792
ДУБАЙ, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида машҳур ўзбек рассомлари Тимур Аҳмедов, Тимур Давац ва Альфиз Сабиров асарларидан иборат кўргазма очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кўргазма Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан "Andakulova Gallery" санъат асарлари кўргазмаси асосчиси, ватандошимиз Наталья Андакулова ва "Legends Art Club" компанияси кўмагида ташкил этилди.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон рассомчилик санъатини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ва мамлакатимизни замонавий санъатнинг энг муҳим марказларидан бири сифатида танитиш мақсадида уюштирилди. Шунингдек, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг сайёҳлик имижини юксалтириш, бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро даражада тарғиб қилишга қаратилган.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Бирлашган Араб Амирликларида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, сайёҳлик компаниялари вакиллари ва бошқалар ҳозир бўлди.
Ўзбекистон бош консули Камол Икромов ўз нутқида, иштирокчиларни юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ислоҳотлар, мамлакатимизнинг бой сайёҳлик ва сармоявий салоҳияти, тарихий ва маданий мероси, гастрономик туризм йўналишидаги имкониятлари билан таништирди.
Иштирокчилар ўз навбатларида, Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда турли соҳаларда эришган ютуқлари, халқаро майдондаги нуфузи ва тараққиёт йўлидаги изчил ислоҳотларини юксак баҳолашди. Шунингдек, мамлакатимизнинг маданий салоҳияти, жозибали сайёҳлик имкониятлари ва халқаро миқёсда ортиб бораётган аҳамияти ҳамда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги замонавий санъат маркази сифатида эътироф этилди.
Кўргазмада намойиш этилган асарлар тадбир меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Улар орасида Ўзбекистон ютуқлари ва инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатган глобал ўзгаришларга бағишланган асарлар алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди