“Комсомольская правда”: Ульяновск вилояти ва Ўзбекистон саноат кооперациясини янада ривожлантиришни муҳокама қилди
Октябрь 18, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 16
МОСКВА, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “Комсомольская правда” газетасида Ульяновск вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантиришга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, 15 октябрь куни Ульяновск вилояти губернатори Алексей Русских ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ўртасида музокаралар ўтказилди. Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мақолада сўнгги бир йил ичида Ульяновск вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 баробарга ошгани алоҳида таъкидланган. Минтақа корхоналари республикага мебель, автокомпонентлар, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бермоқда. Ўзбекистондан эса вилоятга тайёр кийим-кечак ва мева-сабзавотлар кириб келмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида минтақанинг савдо-логистика маркази фаолият юритаётгани, ўзаро онлайн-савдони ривожлантириш тўғрисидаги келишув ульяновсклик ишлаб чиқарувчиларга Ўзбекистоннинг етакчи маркетплейсларидан бирига чиқиш имконини бергани қайд этилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси “УАЗ”, “Автодом”, “СИМАЗ” заводлари, “Ульяновск” махсус иқтисодий зонаси ҳамда станоксосозлик корхоналари фаолияти билан танишди. Савдо-саноат палатаси ва Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказида ҳам музокаралар ташкил этилди. Иқтисодий алоқалар билан бир қаторда маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳам ривожлантириш режалаштирилган.
Нашрда таъкидланганидек, 2027 йил 1 январь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилиш Ўзбекистонга ўтади ва устувор йўналишлар қаторида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси