Logo

Россиянинг Омск шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари фестивали бўлиб ўтмоқда

Февраль 11, 2026. 18:10 • 2 дақ

296
Россиянинг Омск шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари фестивали бўлиб ўтмоқда

ОМСК, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Омск шаҳрида мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси томонидан биринчи марта Ўзбекистон маданияти кунлари фестивали ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Россиянинг Омск вилояти расмийлари, дипломатик корпус вакиллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, ватандошлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Новосибирскдаги Бош консул Аслам Акбаров Ўзбекистон маданияти кунлари фестивалининг аҳамияти, ўзбек маданияти, илм-фани ва шеъриятининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.

Дипломатларимиз Омск вилояти билан самарали ҳамкорлик алоқалар хусусида тўхталиб ўтди. Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари мунтазам равишда етказиб бериладиган “Frut-Siti” улгуржи-тақсимлаш маркази ташкил этилди.

Мазкур объект савдо-иқтисодий соҳада минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда. Тўғридан-тўғри етказиб бериш истеъмолчилар учун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва юқори сифатини сақлаб қолишга ёрдам беради.

Сўзга чиққанлар ушбу маданий тадбир Омск вилоятида биринчи марта ўтказилаётганини ва бутунлай ўзбек халқининг маданий, маънавий, тарихий ва гуманитар салоҳиятини намойиш этишга қаратилганини алоҳида таъкидлади.

Омск дўстлик уйи директори Наталья Степанованинг фикрига кўра, ушбу тадбир 2026 йилда Россиянинг маданий пойтахтига айланган Омск учун жорий йилдаги биринчи тадбирдир.

“Ўзбекистон халқлари ижтимоий-маданий маркази” ДУК раиси Феруза Адашева фестивалнинг асосий мақсади ўзбек маданиятининг бойлиги ва хилма-хиллигини намойиш этишдан иборат эканини урғулади.

Меҳмонлар учун ўзбек миллий рақслари ижро этилиб, кўргазмали расмлар, ўзбек либослари, миллий нақшлар туширилган, қўлда тўқилган матолар, кулолчилик идишлари ва миллий таомлар намойиш этилди.

Ўзбекистонлик талабаларнинг буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган саҳна кўриниши кенг фестивалнинг асосий қисми бўлди. Навоийнинг ғазаллари, бадиий асарларидан намуналар ўқилди.

Омскда Ўзбекистон маданияти кунлари шу йилнинг 31 мартига қадар давом этади. Тадбир доирасида меҳмонлар учун мультимедиа кўргазмаси, ошпазлик маҳорат дарслари, “Сен етим эмассан” фильми намойиши ҳамда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш