Ўзбекистон жамоаси турк дунёси мусобақасида юқори натижа кўрсатди
Май 18, 2026. 17:55 • 2 дақ
• 43ИСТАНБУЛ, 18 май /“Дунё” АА/. Туркиянинг Гебзе техника университетида турк дунёси ёшлари учун учувчисиз ҳаво аппарати (UAV/İHA) мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Мусобақа Гебзе техника университети ҳамда “TÜRKBİLTEK” – Турк дунёси илмий ва технологик ҳамкорлик маркази томонидан ташкил этилди.
Беллашувда туркий давлатлардан келган иқтидорли ёшлар ва муҳандислик ҳамда авиация соҳасида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон номидан Турин политехника университети талабаларидан иборат жамоа ҳам фаол қатнашди. Ажабланарлиси шундаки, вакилларимиз беллашувда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришди ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғолиблар Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Шерзод Абдуназаров, Гебзе техника университети ректори профессор Ҳожи Али Мантар, Кожаэли савдо палатаси раиси Абдурраҳмон Асланташ ва Турк дунёси ёшлар жамғармаси раиси Рамазан Изол томонидан тақдирландилар.
Бош консул сўзларида бугунги туркий дунё ёшлари жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи каби мутафаккирларнинг муносиб авлодлари эканини алоҳида таъкидлади.
Аждодларимиз нафақат Шарқ, балки бутун инсоният цивилизацияси ривожига хизмат қилган илм-фан мактабини яратган. Бугунги кунда туркий давлатлар ёшлари замонавий технологиялар, сунъий интеллект, авиация ва робототехника соҳаларида ушбу буюк меросни давом эттирмоқда.
Бундай мусобақалар туркий дунё ёшларининг ўзаро яқинлашуви ва тажриба алмашуви учун муҳим. Шу билан бирга, улар инновацион ғояларни биргаликда ишлаб чиқиш ва келгусида қўшма технологик лойиҳаларни амалга оширишда ҳам майдон бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









