“World News Pakistan”: Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган
Май 18, 2026. 18:55 • 2 дақ
• 14
ИСЛОМОБОД, 18 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “World News Pakistan” нашрида “Ўзбекистонда аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш: демографик ўсиш ва урбанизация жараёнларининг аҳамияти” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш ва уй-жой билан таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда амалга оширилаётган ислоҳотлар фақатгина қурилиш ҳажмини оширишдан иборат бўлмай, балки демографик ўсиш ва урбанизациянинг жадаллашуви билан узвий боғлиқ ҳолда комплекс ёндашув асосида олиб борилмоқда.
Мамлакатда кузатилаётган юқори демографик ўсиш суръатлари уй-жой сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Сўнгги йилларда республика аҳолиси сони йилига қарийб 800 минг нафарга, янги оилалар сони эса 250 мингтага ортаётгани уй-жойга бўлган талабни қондириш бўйича ишларни кескин жадаллаштиришни тақозо этмоқда.
Нашрда ушбу талабни қондириш мақсадида 2025 йилнинг ўзида 110 мингга яқин квартирали уй-жойларни барпо этилгани, 2040 йилгача эса ҳар йили қуриладиган уй-жойлар сонини икки баробарга ошириш мақсад қилингани кенг ёритилган. Мақолада Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Мазкур массивларда урбанизация тамойиллари қатьий белгиланган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда Урбанизация ва уй-жой бозорини давлат томонидан самарали бошқариш мақсадида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Ушбу қўмита урбанизация жараёнларини, реновация дастурларини ва “Янги Ўзбекистон”массивлари қурилишини мувофиқлаштиради.
“Янги Ўзбекистон” массивларида кўп квартирали уй-жойларни қуриш харажатларининг камида 2 фоизи уй-жойлар атрофида яшил ҳудудлар яратишга йўналтирилиши шарт. Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳаларида эса ҳудуднинг камида 30 фоизида яшил майдонлар ташкил этилиши қатъий белгиланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Pakistan In the World”: Ўзбекистон ТДТга аъзо бўлгандан буён 100дан ортиқ муҳим ташаббусни илгари сурди



