Ўшда бўлиб ўтган анжуманда ўзбек халқининг маданияти намойиш этилди
Октябрь 27, 2023. 15:05 • 2 дақ
• 1630
ЎШ, 27 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўш давлат университетида «Дунё халқларининг маданияти кўргазмаси – Ўш давлат университети халқларни бирлаштиради» мавзусига бағишланган маданий фестиваль бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Қирғизистон халқлари ассоциацияси Ўш вилоятининг бўлинмаси, Ўш шаҳар муниципалитети ва ушбу шаҳарда фаолият юритаётган Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон консуллик муассасалари, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Жанубий вилоятлардаги ваколатхонаси вакиллари, Ўш давлат университети раҳбарияти фахрий меҳмон ва мусобақа ҳайъати сифатида иштирок этдилар.
Тадбирда ушбу олий таълим масканида таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг ўз мамлакатлари маданиятини намоён этадиган кўргазмалари намойиш қилинди. Турли халқларнинг миллий либослари, таомлар, халқ амалий санъати намуналари ва бошқа буюмлар кўргазма пештахталаридан жой олди. Шунингдек, маданий фестиваль доирасида хорижлик талабаларнинг бадиий-мусиқий чиқишлари ҳам тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола этилди.
Фестиваль доирасида талабалар томонидан тайёрланган энг яхши кўргазмалар танловининг натижалари бўйича университетнинг тиббиёт факультетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг экспонатлари ва мусиқий чиқишлари иккинчи ўринга сазовор бўлишди. Улар пул мукофоти ҳамда Қирғизистон халқлари ассоциацияси Ўш вилояти бўлинмаси раисининг ташаккурномаси билан тақдирланишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси