Ўзбекистонда «Silk Uzbekistan Fashion Week» халқаро мода ҳафталигининг бўлиб ўтиши Саудия ОАВ нигоҳида
Январ 26, 2024. 15:58 • 2 дақ
• 122
ЖИДДА, 26 январь. /«Дунё» АА/. Саудия Арабистонининг «Swift News» электрон нашрида «Ўзбекистонда ҳар икки йилда бир марта «Uzbekistan Silk Week» халқаро мода ҳафталиги ўтказилади» сарлавҳали мақола жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, «Ўзбекистонда яна бир саёҳат куни» дастури орқали юртимизга сайёҳларни жалб қилиш режалаштирилмоқда, бу эса тегишли туристик объектлар ҳисобига саёҳатлар давомийлигини оширишни назарда тутади.
Шу билан бирга, икки йилда бир марта, май ойининг учинчи ҳафтасида мамлакатимизда «Silk Uzbekistan Fashion Week» халқаро мода ҳафталиги бўлиб ўтади.
Унда иштирок этиш учун дунёнинг етакчи мода уйларини жалб этиш режалаштирилган. Тадбир доирасида Ўзбекистон ипак матоларидан кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича мукофот жамғармаси 2 миллион доллар бўлган танлов ўтказилади.
Бундан ташқари, туристик фаслларнинг очилишини назарда тутувчи «Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат» фестиваллари ўтказилади. Баҳорги сайёҳлик мавсуми февраль ойининг охирги ҳафтасида, ёз мавсуми май ойида, куз мавсуми августда, қишки туристик мавсум эса ноябрда бошланади.
Мақоланинг сўнггида таъкидланишича, 2024 йилда Ўзбекистонга АҚШ, Канада, Бразилия ва Мексикадан - 50 минг, Германия, Швейцария ва Чехиядан - 65 минг, Франция ва Португалиядан - 60 минг, Япониядан - 50 минг, Хитойдан - 180 минг, Жанубий Кореядан - 60 минг, Туркиядан - 175 минг, Украинадан - 15 минг, Беларусдан - 50 минг, Россиядан - 1,46 миллион нафар сайёҳларнинг келиши кутилмоқда. Сайёҳларнинг кўпчилик қисми қўшни давлатлар ҳисобига тўғри келади: Қозоғистондан 2,2 миллион, Қирғизистондан 2,3 миллион, Тожикистондан 2,4 миллион.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси