“Orient” АА: Тошкент форуми Марказий Осиё бозори учун ўзига хос дарвоза вазифасини ўтайди

Июнь 02, 2026. 15:55 • 2 дақ

92
“Orient” АА: Тошкент форуми Марказий Осиё бозори учун ўзига хос дарвоза вазифасини ўтайди

АШХОБОД, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Туркманистоннинг етакчи “Orient” ахборот агентлигида “TIIF-2026: Марказий Осиёнинг янги инвестиция архитектурасини шакллантиради” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий қиёфасини ўзгартиришга хизмат қилаётган муҳим глобал мулоқот майдонига айланган.

Туркманистон ахборот агентлиги мақолада Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда қулай преференциялар тизимини жорий этиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратган.

Шунингдек ўқинг

Таъкидланганидек, Тошкент форуми хорижнинг етакчи молиявий институтлари, трансмиллий корпорациялари ва инвесторлари учун Марказий Осиё бозорига кириш, шунингдек, узоқ муддатли стратегик лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос “дарвоза” вазифасини бажармоқда.

Мақола хулосасида маълум қилинишича, TIIF-2026 доирасида эришиладиган келишувлар ва илгари суриладиган ташаббуслар минтақада транспорт-логистика занжирларини ривожлантириш, “яшил” энергетика, рақамли трансформация ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтириш орқали Марказий Осиёнинг замонавий ва рақобатбардош инвестиция архитектурасини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш