Logo

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган янги мақсадлар Саудия ОАВ нигоҳида

Июнь 13, 2024. 16:43 • 2 дақ

59
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган янги мақсадлар Саудия ОАВ нигоҳида

АР-РИЁЗ, 13 июнь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистони ва Яқин Шарқ минтақасидаги етакчи "Ain al-Siyaha" газетасида, "Al-Siyaha al-Arabia" журналида ва "Travel Net Life" сайтида "Ўзбекистонда туризм салоҳиятини очиб берувчи глобал тарғибот компанияси йўлга қўйилади" сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё"АА мухбири.

Мазкур мақолаларда қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти туризм соҳасини ривожлантириш бўйича глобал компанияни эълон қилди. Унга кўра, республикада 1 октябрга қадар "миллий туризм бренди" тўғрисида контент яратиш учун танлов ўтказиб, халқаро платформаларда тарғиботни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу мақсадларга жорий йилда 5 миллион АҚШ доллар маблағ ажратилади.

Шунингдек, аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган камида 50 нафар чет эллик блогерлар учун инфо-турлар ташкил қилиниши белгиланди. Улар мамлакатни жаҳон оммаси орасида нуфузини оширишга ёрдам беради.

"Бу режалар ошпазлик туризмига ҳам қаратилган. Жорий йил Тошкентда, келгуси йилда эса Хивада халқаро гастрономик фестиваллар ўтказилади. Уларда 300 дан ортиқ турдаги миллий ўзбек таомлар намойиш этилиши кўзда тутилган", – дея таъкидланган материалларда.

Қайд этилганидек, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга кўмаклашиш мақсадида вазирликлар ва идораларга электрон виза тизимини такомиллаштириш ҳамда мобил иловани ишга тушириш, хорижий сайёҳлар учун жараённи соддалаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

"Шу билан бирга, Ўзбекистонга жорий йилда 11 миллион хорижий сайёҳларни жалб қилиш ва туристик экспортни 2,5 миллиард долларга етказиш мақсадлари белгиланди. Ушбу мақсадларга эришиш учун сектор раҳбарлари ва минтақавий ҳокимият органлари масъул бўлади", – дейилади нашрларда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш