Logo

"Aganden" газетаси: Ўзбекистон ва Хитойнинг халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, глобал хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича ёндашувлари ўхшаш

Сентябрь 02, 2025. 12:07 • 2 дақ

19
"Aganden" газетаси: Ўзбекистон ва Хитойнинг халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, глобал хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича ёндашувлари ўхшаш

БАҒДОД, 2 сентябрь. /"ДунёАА/. Ироқнинг "Aganden" газетасида "Ўзбекистон–Хитой темирйўл йўналишлари: савдо, транзит ва янги логистика марказлари" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Буюк ипак йўли орқали боғланган Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги тарихий алоқадорлик, бугунги кунга келиб ўзаро муштарак мақсадлар асосида янада мустаҳкамланаётгани ҳақида сўз юритилган.

"Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитойнинг халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, глобал хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича ёндашувлари ўхшаш. Хитой Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлини, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки давлат БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, "Марказий Осиё-Хитой" формати ва бошқа кўп томонлама халқаро тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда", – деб ёзилган мақолада.

Шунингдек, нашрда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётгани фонида, темир йўл қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши стратегик аҳамият касб этиши алоҳида урғуланган.

"Узоқ йиллик саъй-ҳаракатлардан сўнг "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўлининг қурилиш ишлари 2024 йил 27 декабрь куни Қирғизистоннинг Жалол-Обод шаҳрида бошланди. Бугунги кунда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон темир йўл ишчилари ўртасидаги самарали ҳамкорлик туфайли томонлар асосий объектларда ишларни муддатидан олдин бошлашга эришдилар, бу эса лойиҳанинг фаол қурилиш босқичига ўтганини кўрсатади", – дейилган материалда.

Бундан ташқари, мақолада лойиҳа "Қашқар – Торугарт – Макмал – Жалол-Обод – Андижон" йўналиши бўйлаб 20 та станция, 42 та кўприк ва 25 та туннелни ўз ичига олади. Темир йўл қурилиши 2030 йил охиригача якунланиши, темир йўл линиясининг узунлиги – 532,53 км бўлиши, шунингдек, йўналишда юк ташиш ҳажми йилига 15 миллион тоннага етиши кутилаётгани таъкидланган. Шунингдек, йўналиш бўйлаб замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар барпо этилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш