"Cawa Media" АА: Дунё туркий халқлар ўзларининг қадимий ва бой тарихининг навбатдаги бобини ёзаётганини диққат билан кузатиши керак
Июль 11, 2024. 12:10 • 2 дақ
• 61
СТОКГОЛЬМ, 11 июль. /"Дунё" АА/. Швециянинг "Cawa Media" нодавлат ахборот агентлиги "Туркий давлатлар халқаро савдони ўзгартирмоқда ва келажакка инвестиция киритмоқда" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистонни бирлаштирган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) глобал масалаларда муҳим тузилма ҳисобланади, – дейилади мақолада. – Ўхшаш тил, маданий ва тарихий алоқалар билан бирлашган бу мамлакатлар географик яқинлик доирасидан ташқарига чиқадиган ҳамкорликни ташкил қилади. Ҳамкорлик чуқурлашиб борар экан, туркий давлатлар глобал хавфсизлик ва иқтисодий манзарани тобора шакллантирмоқда, халқаро кузатувчилар, айниқса, Европа ва Осиё давлатлари диққатини жалб қилмоқда".
Нашрда туркий халқларнинг умумий мероси минг йилликлар давомида маданий ва иқтисодий алмашинувга хизмат қилган қадимги Ипак йўли даврига бориб тақалиши урғуланган. Бугунги кунда бу тарихий замин замонавий ташаббуслар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. ТДТ ва Халқаро Туркий академия аъзо мамлакатлар ўртасида мулоқот, маданий алмашинув ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш учун замонавий платформа ҳисобланади.
"Туркий давлатларнинг иқтисодий стратегиясининг ўзагини "Ўрта йўлак" деб номланувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ташкил этади. "Ўрта йўлак" анъанавий транспорт йўналишларига таҳдид солаётган геосиёсий беқарорлик туфайли муҳим аҳамият касб этмоқда", – дея қайд этилган материалда.
Туркий давлатлар транспорт соҳасидан ташқари энергетика ва технология соҳаларида ҳам ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда, деб маълум қилган агентлик. Шунингдек, туркий давлатлар ҳам келажакни кўзлаб, тадқиқот, таълим ва "рақамли" инфратузилмага инвестиция киритяпти.
Материалда таъкидланишича, ушбу тузилмага аъзо давлатлар глобал эътиборни жалб қилиш мақсадида маданий ташаббусларни молиялаштиришга ҳам катта эътибор қаратяпти.
Туркий дунё тарихнинг ҳал қилувчи палласини бошдан кечирмоқда. Ўзларининг умумий мероси, стратегик жойлашуви ва ҳамкорлик руҳидан фойдаланган ҳолда, бу давлатлар глобал савдо ва геосиёсатни қайта шакллантиришда асосий иштирокчига айланишга тайёр. Инфратузилма, технология ва маданий алмашинувга сармоя киритишда давом этиб, бу давлатлар XXI аср учун янги Ипак йўлини яратмоқда.
"Туркий халқлар ўзларининг қадимий ва бой тарихининг навбатдаги бобини ёзаётганини дунё диққат билан кузатиши керак. Уларнинг ўсиб бораётган таъсири келгуси ўн йилликларда глобал бизнесдаги энг муҳим ва ўзгарувчан ўзгаришлардан бирига айланиши мумкин", – деб ёзилган "Cawa Media" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида