"Eurasia Magazine": Венгрия Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ҳамкор давлат сифатида қарайди
Май 17, 2025. 13:09 • 2 дақ
• 97
БУДАПЕШТ, 17 май. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Eurasia Magazine" журналида "Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик: бугунги ҳолат ва ривожланиш истиқболлари" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа давлатлари билан ташқи иқтисодий алоқаларини изчил кенгайтирмоқда ва Венгрия бу жараёнда тобора муҳим роль ўйнамоқда, – деб ёзади муаллиф. – Ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, икки томонлама мулоқот фаоллашаётгани, шунингдек, венгрия компанияларининг Ўзбекистондаги сармоявий фаоллигини ошириш мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик учун юксак салоҳиятдан далолат беради".
Икки томонлама ҳамкорликнинг асоси кенг кўламли шартномавий-ҳуқуқий база бўлиб, савдо ва инвестициядан тортиб, илмий-техникавий ҳамкорлик ва таълимгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олган 64 та ҳужжатдир. Асосий шартномалар қаторига Савдо-иқтисодий муносабатлар тўғрисидаги битим (1992 йил), Инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим (2002 йил) ва Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битим (2008 йил) киради.
Таъкидланишича, савдо-иқтисодий муносабатларнинг асоси Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимда белгиланган энг қулай давлат режимидир. Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари доирасида сармоявий йўналиш алоҳида қизиқиш уйғотади. 2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Венгрия капитали иштирокидаги 17 та корхона, жумладан, 10 та қўшма корхона ва 7 таси 100 фоиз хорижий иштирокда фаолият юритмоқда.
"Eurasia Magazine" журналида босилган мақолада ёзилганидек, Венгрия Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида қарайди, Тошкент эса, ўз навбатида, Венгрия салоҳиятидан ЕИ иқтисодий маконига "кириш нуқтаси" сифатида фойдаланишдан манфаатдор.
"Шу билан бирга, фармацевтика ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини ривожлантириш, ўзбек тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни Венгрия бозорига олиб чиқиш кейинги ўсишнинг асосий омиллари бўлиши мумкин. Ўзаро савдодаги номутаносибликни бартараф этиш учун Ўзбекистондан экспортни рағбатлантириш, жумладан, экспортга йўналтирилган кластерларни рағбатлантириш, Европа бозори учун сифат стандартлари ва маҳсулот сертификатини ишлаб чиқиш чораларини кўриш зарур", – дейилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида