Logo

"Hadarmawt" АА: 2025 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 807,9 триллион сўмни ташкил этди

Август 12, 2025. 11:29 • 2 дақ

61
"Hadarmawt" АА: 2025 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 807,9 триллион сўмни ташкил этди

САНА, 12 август. /"Дунё" АА/. Яманнинг "Hadarmawt" ахборот агентлиги сайтида "2025 йил I ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь–июнь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 807,9 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоизга ошгани қайд этилган.

"Асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда ижобий тенденциялар сақланмоқда. Қозоғистонда ЯИМ 2025 йил январь–июнь ойлари якунлари бўйича 6,2 фоизни ташкил этди, Қирғизистонда – 11,7 фоиз, Хитойда – 5,3 фоиз, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда 1,4 фоизга етди", – дейилган материалда.

Қайд этилишича, истеъмол нархлари индекси 2024 йил декабрь ойига нисбатан 104,2 фоизни ташкил этди, бу эса нархлар ўсиш суръатлари секинлашаётганини кўрсатади. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари сегментларида нархлар ўртача даражада ўсмоқда, шу билан бирга, хизматлар инфляциянинг асосий драйвери бўлиб қолмоқда ва умумий истеъмол нархлари даражасига энг катта таъсирни кўрсатмоқда.

"Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 5,5 фоизга ошиб, 273,4 триллион сўмга етди. Ўтган йил бошидаги юқори ўсиш суръатларига нисбатан секинлашганига қарамасдан, инвестиция фаоллиги барқарор қолмоқда. Инвестиция манбаларида марказлашмаган маблағлар, жумладан корхоналар ва аҳоли маблағлари, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар устунлик қилмоқда", – деб ёзилган манбада.

Яман ОАВ маълум қилганидек, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш саноати барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга (488,5 триллион сўм), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 4,0 фоизга (194,9 триллион сўм), қурилиш ишлари ҳажми 10,7%га (137,6 триллион сўм) ўсди.

"Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 37 миллиард долларга етиб, 16,1 фоизга ошди. Экспорт 16,9 миллиард долларни (+29,1 фоиз) ташкил этди, импорт эса 7,0 фоизга ўсиб, 20,1 миллиард долларга етди. Экспортнинг тезлашиши хизматлар, хомашё ва энергетика ресурслари етказиб беришнинг ортиши билан боғлиқ", – деб ёзган "Hadarmawt" агентлиги.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш