Logo

"Ammon News" газетаси: Ўзбекистон жабрланган халқларни қўллаб-қувватлаш борасида бошқа давлатлар учун намуна бўла оладиган стратегик ёндашувни намойиш этмоқда

Август 17, 2025. 08:28 • 2 дақ

79
"Ammon News" газетаси: Ўзбекистон жабрланган халқларни қўллаб-қувватлаш борасида бошқа давлатлар учун намуна бўла оладиган стратегик ёндашувни намойиш этмоқда

АММОН, 17 август. /"Дунё" АА/. Иорданиянинг "Ammon News" газетасида "Ўзбекистоннинг Фаластин масаласи бўйича шарафли инсонпарварлик саъй-ҳаракатлари" сарлавҳали  мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистон Президентининг "Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тўғрисида"ги фармони қабул қилингани маълум қилинган.

"Ҳужжат Ўзбекистонга олиб келинган Фаластин фуқароларини (фармон матнида улар "меҳмон" деб белгиланган) доимий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграциялашувининг барқарор механизмларини яратишга, уларга муносиб турмуш шароити ва мамлакат фуқаролари билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган. Ушбу чоралар гуманитар соҳада амалга оширилган қадамларнинг давоми бўлди", – дейилган мақолада.

Таъкидланганидек, 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон Ғазо секторидан 100 нафарга яқин фаластинлик болалар ва аёлларни бепул даволаниш учун қабул қилиб, уларни 2024 йил 26 декабр куни махсус рейс билан Мисрдан Тошкентга олиб келди.

"Янги фармон билан бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, ҳар бир меҳнат ёшидаги меҳмон (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси жорий этилади. Меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланади. Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқаролар яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштирилади. Шунингдек, давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январьига қадар озод этилади", – дейилган мақолади.

Бундан ташқари, меҳмонларнинг яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилишини таъминланади ҳамда уларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатишда камбағал оилаларга мансуб шахслар тоифаси қаторида йўлланма ажратилиши назарда тутилмоқда. 

Мақола "Ўзбекистоннинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигидаги ташаббуслари жабрланган халқларни қўллаб-қувватлаш борасидабошқа давлатлар учун намуна бўла оладиган стратегик, ҳар томонлама ва чуқур инсонпарварлик ёндашувини намойиш этади", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш