«London Post»: Ўзбекистон пандемиядан сўнг аҳолининг фаровонлиги энг тез тикланган мамлакатлардан бири
Январ 19, 2024. 08:40 • 2 дақ
• 294
ЛОНДОН, 19 январь. /«Дунё» АА/. Буюк Британиянинг машҳур «London Post» онлайн янгиликлар порталида «Ўзбекистон Gallup World Poll 2022 да: фаровонлик, энг кам стресс ва ҳукуматга кучли ишонч бўйича юқори балл» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) «GALLUP» тадқиқот ва консалтинг ташкилоти томонидан жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида тайёрланаётган йиллик Жаҳон сўровнома (Gallup World Poll) бўйича ҳисоботини таҳлил қилгани таъкидланган.
Gallup 2005 йилдан бери ҳар йили 160 мамлакат ўртасида (ҳар бир давлатдан 1000 киши) дунё бўйлаб сўров ўтказиб келмоқда, бу 15 ёшдан ошган дунё аҳолисининг 98 фоизини ташкил қилади. Gallup World Poll 100 саволдан иборат бўлиб, қонун ва тартиб, озиқ-овқат ва уй-жой, институтлар ва инфратузилма, яхши иш ўринлари ҳамда фаровонлик индексларни ўз ичига олади.
Қайд этилганидек, Gallup ушбу ҳисоботида Ўзбекистонни постсовет Евроосиё минтақасидаги мамлакатлари билан таққослаб боради.
«2022 йилда фаровонлик индекси (0 дан 10 баллгача) 6,0 баллни ташкил этди, ушбу индекснинг минтақадаги ўртача кўрсаткичи эса 5,7 баллга тенг. Шундай қилиб, Ўзбекистон постсовет Евроосиё минтақаси мамлакатлари орасида энг яхши натижалардан бирини кўрсатган», - дейилади материалда.
Британия онлайн нашрда маълум қилинганидек, постсовет Евроосиё минтақаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Беларусь, Молдова, Украина каби давлатларни ўз ичига олади.
Мақолада 2022 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг 39 фоизи ҳозирги кунда ўз фаровонлиги ошиб бораётганини маълум қилгани таъкидланган. Бу минтақавий ўртача 30 фоиздан сезиларли даражада юқори.
«Ҳаётдан қониқишни аниқлаш учун «Ҳаёт зинапояси» деб номланган сўров натижаларидан фойдаланилади. Респондентлардан 0 дан 10 гача зинапоянинг қайси поғонасида эканлиги сўралади. Бу ерда 0-поғона энг ёмон ҳаётни, 10-поғона эса энг яхши ҳаётни англатади. Ўзбекистон аҳолисининг атиги 2 фоизи ўз ҳаётларида қийинчиликларга дуч келаётганликларини қайд этишган, бу минтақавий ўртача кўрсаткичдан 6 фоизга паст. Ўзбекистон фаровонлик кўрсаткичлари бўйича минтақа мамлакатлари орасида энг яхши натижани кўрсатган», - қайд этган портал.
Материалда, шунингдек, Gallup баҳосига кўра, Ўзбекистон пандемиядан сўнг аҳолининг фаровонлиги энг тез тикланган мамлакатлардан бири ҳисобланиши урғуланган.
«Ўзбекистонликлар келгуси 5 йилдаги фаровонлигини 8,7 балл деб баҳолаганлар. Хусусан, келажакдаги фаровонлигини кутиш борасида Ўзбекистон минтақада энг яхши натижани кўрсатган, минтақанинг ўртача кўрсаткичи эса 7,4 баллни ташкил этган. Респондентларнинг 86 фоизи ҳозирги пайтда турмуш даражаси яхшиланаётганлигини билдиришган ва ушбу кўрсаткичнинг минтақадаги ўртача даражаси 40 фоизни ташкил этган, - деб ёзган «London Post».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда