"The Times of Central Asia": "Қовун сайли" Хиванинг маданий тақвимидаги энг муҳим тадбирлардан бирига айланган
Июль 16, 2025. 15:34 • 2 дақ
• 77
ВАШИНГТОН, 16 июль. /"Дунё" АА/. АҚШнинг "The Times of Central Asia" журналида "Хива Қовун сайлига тайёргарлик кўрмоқда: миллий мерос ва ҳосил байрами" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, жумладан, Хоразм вилоятига ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш мақсадида жорий йилнинг 8-10 август кунлари Хива шаҳрида — "Ичан қалъа" ва "Арда Хива" мажмуаларида анъанавий "Қовун сайли" фестивали бўлиб ўтиши маълум қилинган.
"Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган фестиваль доирасида вилоятнинг шаҳар-туманлари ўз ҳудудларида етиштирилган ширин қовунларнинг кўргазма-савдосини ўтказади. Павильонлар ҳудудий ранг-баранглик асосида байрамона безатилади. Вилоят деҳқонлари ўтган йили бўлиб ўтган фестивалда 125 турдаги қовунни намойиш этган бўлсалар, жорий йил ҳам турли ҳудудлардан келган фермерлар ўз қовун навларини анъанавий нақшлар билан безатилган павильонларда тақдим этади", – дейилган мақолада.
АҚШ босма нашри ёзганидек, шунингдек, театрлаштирилган саҳналар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши, миллий таомлар, Хоразм нонлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, бадиий жамоалар, фольклор гуруҳларининг жонли ижро чиқишлари, маҳорат дарслари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилади.
Материалда фестивалнинг асосий тадбирлари маҳаллий ва хорижий юлдузлар иштирокидаги гала концертлар билан 8-9 август кунлари "Ичан қалъа" ва 10 август куни "Арда Хива" туризм мажмуаларида бўлиб ўтиши маълум қилинган.
"Бугунги кунда, "Қовун сайли" Хиванинг маданий тақвимидаги энг муҳим тадбирлардан бирига айланган. 2024 йилда ушбу фестивалга салкам 30 минг хорижий ва 400 минг маҳаллий меҳмон келган. Қовун сайли Хоразм брендини юксалтириш, иқтисодий ўсиш ҳамда маданий туризмни ривожлантириш йўлидаги энг муҳим омиллардан деб ҳисобланади", – дея урғуланган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида