Logo

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Нанао шаҳрида ўтказилган хайрия тадбири Япония ОАВ диққат марказида

Март 28, 2024. 07:52 • 2 дақ

85
Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Нанао шаҳрида ўтказилган хайрия тадбири Япония ОАВ диққат марказида

ТОКИО, 28 март. /"Дунё" АА/. Кунлик адади 6,9 миллион нусха бўлган Япониянинг йирик "Yomiuri Shimbun" газетасида "Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси Ишикава префектурасининг Нанао шаҳрида хайрия тадбирини ўтказди" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан Наврўз умумхалқ байрами арафасида Ишикава префектурасининг Нанао шаҳрида 2024 йил январь ойида Ното ярим ороли яқинида рўй берган кучли зилзила оқибатида жабр кўрган аҳоли учун хайрия тадбири ташкил этилди.

"Хайрия акцияси Нанао шаҳридаги Ятаго жамияти марказида ўтказилди. Унда 112 нафар зилзиладан энг кўп азият чеккан аҳолига икки маҳал дастурхон ёзилди ва ўзбек миллий таоми – палов улашилди. "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси кўмагида "Sam Rafoat Tekstil" ва "Haj Tex Group" фабрикалари томонидан тақдим қилинган тўқимачилик маҳсулотлари Японияга етказилди ва улар эвакуация марказига топширилди", – дейилади нашрда.

Мақолада ёзилганидек, Япониялик таниқли хонанда Машу Комазаки ва "Гулистон" рақс ансамбли ижросидаги ўзбек миллий куй ва қўшиқлар иштирокчиларнинг кайфиятини кўтаришга хизмат қилди.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, 2024 йил 1 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:10 да Япониянинг Ишикава префектурасидаги Ното ярим оролида 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Кучли ер қимирлаши натижасида одамлар ҳалок бўлди ва жабрланди. Шунингдек, кўплаб уйлар талафот кўрди. 2024 йил 28 февраль ҳолатига кўра, ушбу зилзила натижасида 241 киши ҳалок бўлган, 12 киши бедарак йўқолган ва 1294 киши жароҳатланган. Умумий зарар 17 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилмоқда. Ҳозирги кунда қадар 10 мингдан ортиқ киши вақтинча эвакуацион марказларда яшамоқда. Нанао шаҳрида эса 5 киши қурбон бўлган, 11 киши жароҳатланган ва 10429 бино талафот кўрган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш